Мундиал сенсацияси: Кабо-Верде Испаниядан очко тортиб олди
Америка Қўшма Штатларининг Атланта шаҳридаги “Mercedes-Benz” стадионида футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг “H” гуруҳи 1-туридан ўрин олган Испания ва Кабо-Верде терма жамоалари баҳси бўлиб ўтди.
Учрашув давомида тўп назорати ва ҳужумлар сони бўйича Испания терма жамоаси устунлик қилди. Бироқ, жамоа яратилган имкониятлардан фойдалана олмади. Кабо-Верде футболчилари эса ҳимояда ишончли ўйин намойиш этиб, рақиб ҳужумларини бартараф этди. Натижада учрашувда ҳисоб очилмади ва томонлар бир очкодан бўлишиб олди.
Мазкур гуруҳнинг иккинчи баҳсида Саудия Арабистони ва Уругвай терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Учрашув 16 июнь куни Тошкент вақти билан соат 03:00 да Майами-Гарденс шаҳридаги “Хард Рок” стадионида бўлиб ўтади.
Шунингдек, 16 июнь куни “G” гуруҳидаги баҳслар ҳам мухлислар эътиборида бўлади. Жумладан, Бельгия — Миср учрашуви соат 00:00 да, Эрон — Янги Зеландия баҳси эса соат 06:00 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА