Ультрамарафон ҳаракати янги босқичга кўтарилмоқда
Жиззах вилоятининг “Зомин” миллий табиат боғи яна бир бор спорт, маданият ва экологик тафаккур чорраҳасига айланди. “Samarkand Marathon” халқаро югуришлар серияси доирасида ташкил этилган “Zaamin Ultra – 2026” икки кун давомида нафақат минглаб иштирокчиларни, балки соғлом турмуш тарзи, яшил туризм ва табиат билан уйғун яшаш ғояларини ҳам бир нуқтага жамлади. Арча ифорлари уфурган тоғлар бағрида кечган ушбу йирик тадбир Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин амалий ифодаси бўлиб намоён бўлди.
Зомин тоғлари бу сафар ҳам меҳмонларини кўклам нафаси, мусаффо ҳавоси ва беқиёс манзаралари билан қарши олди.

Биринчи кун дастури анъанавий спорт мусобақасидан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Болалар учун ташкил этилган “Kids Run” стартлари кичик иштирокчиларнинг қувончига айланган бўлса, икки километрлик оммавий югуриш соғлом турмуш тарзи тарафдорларини бир сафга жамлади.

Куннинг иккинчи ярмида старт-финиш шаҳарчаси ҳақиқий фестиваль майдонига айланди. Маҳаллий ҳунармандлар кўргазмалари, рассомлар ижод намойишлари, очиқ осмон остидаги санъат лойиҳалари ва концерт дастурлари спорт билан маданиятнинг табиий уйғунлигини яққол намоён қилди. Тоғ бағрида янграган мусиқа, арчазорлар узра таралган қўшиқлар ва сайёҳлар қадамлари бир-бирига қоришиб, Зоминнинг бетакрор муҳитини янада жозибадор қилди.

Бу жараёнлар мамлакатда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг амалий натижаларини ҳам кўрсатди. Спорт тадбири атрофида шаклланган маданий муҳит Зоминнинг имкониятларини яна бир бор намоён этди.
Иккинчи кун саҳар палласида Зомин тоғлари энг жасур иштирокчиларни қарши олди. Соат 06:00 да ультрамарафончилар 50 километрлик йўналиш бўйлаб старт чизиғини ортда қолдирди.

Бу йўналиш оддий мусобақа эмас, балки инсон иродасининг ҳақиқий имтиҳонидир. Маршрут давомида қатнашчилар 1638 метрлик баландликни забт этишлари лозим бўлди. Қоялар, тик қия йўллар ва тоғ ҳавосининг ўзига хос синовлари ҳар бир қадамни матонат дарсига айлантирди.
50 километрлик старт ортидан 21, 10 ва 5 километрлик йўналиш иштирокчилари ҳам йўлга чиқди. Тоғ йўллари бўйлаб чўзилган инсонлар оқими, томошабинларнинг самимий қўллаб-қувватлови ва табиатнинг бетакрор манзаралари мусобақага алоҳида руҳ бағишлади.

Сўнгги йилларда “Zaamin Ultra”га қизиқиш тобора ошиб бораётгани ҳам эътиборга молик. Айниқса, 50 километрлик масофада қатнашувчилар сонининг қарийб икки баробарга ортиб, 170 нафарга яқинлашгани ультрамарафон ҳаракати мамлакатимизда янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди.
Бу йилги мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Зоминдаги 50 километрлик йўналиш куз фаслида Оролбўйида илк бор ташкил этиладиган “Aral Ultra – 2026” учун саралаш босқичи вазифасини бажарди. Бу эса спорт туризмининг географияси кенгайиб, мамлакатнинг турли ҳудудлари ягона спорт йўналишлари орқали ўзаро боғланаётганидан далолат беради.
“Zaamin Ultra – 2026”нинг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг экологик ва ижтимоий мазмунида намоён бўлди. “Аввалгидан тозароқ” ташаббуси доирасида ташкил этилган плоггинг акцияси иштирокчиларни нафақат югуришга, балки табиатни асрашга ҳам чорлади.

Тадбирнинг махсус меҳмони — плоггинг ҳаракати асосчиси, швециялик эколог Эрик Альстрем иштирокида ўтказилган экологик акциялар халқаро ҳамкорликнинг яна бир намунасига айланди. Йиғилган пластик чиқиндилар қайта ишлашга йўналтирилди. Уларнинг бир қисми келгусида экологик мусобақалар учун медаллар тайёрлашда ишлатилади.
Ташкилотчилар томонидан бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишни қисқартириш бўйича амалий чоралар ҳам изчил давом эттирилди. Ультрамарафон қатнашчиларига қайта фойдаланиш мумкин бўлган силикон стаканлар тарқатилди, меҳмонларга шахсий термос ва кружкалардан фойдаланиш тавсия этилди.

Бу жиҳатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24-июнда қабул қилинган “Туризм объектлари ҳамда жойлаштириш воситаларида атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ва экологик талабларга мувофиқ кўрсатиладиган хизматларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси сифатида намоён бўлди. Мазкур қарорда туризм соҳасида экологик ёндашувларни кенгайтириш, бир марталик пластик маҳсулотлардан фойдаланишни қисқартириш ва “яшил туризм” тамойилларини жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, Зоминдаги тажриба ушбу мақсадларнинг ҳаётдаги ифодаси бўлди.
Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорлар эътироф этилди.
2019 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Samarkand Marathon” халқаро югуришлар серияси бугун спорт мусобақаси доирасидан чиқиб, маданий дипломатия, экологик маърифат ва туризм тараққиётининг таъсирчан платформасига айланиб бормоқда. “Sky Camp Bo‘stonliq”, “Zaamin Ultra”, “Aral Ultra” ва “Samarkand Marathon” каби йирик лойиҳалар мамлакатнинг турли ҳудудларини ягона спорт харитасида бирлаштирмоқда.
Зоминда ўтган икки кун яна бир ҳақиқатни тасдиқлади: бугун спорт фақат рекордлар майдони эмас. У инсонни табиатга яқинлаштирадиган, ҳудудларнинг имкониятларини очадиган, экологик масъулиятни кучайтирадиган ва одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштирадиган улкан ижтимоий ҳаракатга айланмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари