Очиқ сайёр суддан мақсад нима?
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Тўрткўл тумани суди тергов судьяси Бауржан Сабуров томонидан Элликқалъа туманидаги “Элликқалъа” овул фуқаролар йиғинида навбатдаги очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг турли моддалари билан ҳуқуқбузарлик содир этган 17 нафар шахсга оид маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Суд жараёнида иш бўйича тўпланган далиллар, ҳуқуқбузарлар, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари атрофлича ўрганилди. Суд қарорига кўра, 7 нафар шахсга жарима жазоси, 10 нафар шахсга эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Очиқ сайёр суд мажлисларини ўтказишдан асосий мақсад фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдан иборат.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.