ОАВ вакиллари “Навоийуран”да
“Навоийуран” давлат корхонаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида корхона фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ва ишлаб чиқариш имкониятлари билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, саноат тараққиётини жадаллаштириш ва миллий иқтисодиётнинг халқаро рақобатбардошлигини оширишда “Навоийуран” давлат корхонаси муносиб ўрин эгаллайди.
– Бугунги кунда корхонамизда минерал хомашё базасини кенгайтириш, янги конларни ўзлаштириш, уран қазиб олиш ҳажмини ошириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар ва инновацион ечимларни татбиқ этиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда, – дейди корхона Ахборот хизмати раҳбари Зариф Маҳмудов. – “Навоийуран” мамлакатимизда йирик солиқ тўловчилардан бири ҳамда уран қазиб олиш бўйича жаҳонда бешинчи ўринда турувчи давлат корхонаси ҳисобланади. Корхонанинг ишлаб чиқариш самарадорлиги халқаро “Fitch Ratings” рейтинг агентлиги томонидан эътироф этилган. Унга кўра, корхонамиз жаҳон уран саноатидаги ишлаб чиқариш харажатлари энг паст бўлган компаниялар қаторига киради. Айни пайтда корхона дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидаги 50 га яқин компания билан ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйган. Халқаро стандартлар, илғор технологиялар ва истиқболли қўшма лойиҳаларга асосланган ҳамкорлик корхонанинг ривожланиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Бугунги кунда “Навоийуран” давлат корхонаси ўз маҳсулотларини Франция, Хитой, Ҳиндистон, Канада, Япония ва АҚШ каби қатор мамлакатларга етказиб бериш орқали халқаро бозорлардаги иштирокини кенгайтириб бормоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар “Зафаробод” кон бошқармасининг ишлаб чиқариш объектларида бўлиб, уран қазиб олиш жараёнларининг муҳим босқичлари, ер остида танлаб эритиш технологиясидан фойдаланиш жараёни, замонавий технологик ускуналар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг имкониятлари билан яқиндан танишдилар.
Бугунги кунда “Навоийуран” давлат корхонасида жами 114 та маҳаллий сорбцион ускунаси фаолият юритмоқда. Уларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этилгани корхонанинг технологик базасини мустаҳкамлаш билан бирга, маҳаллий саноат имкониятларидан фойдаланиш кўламини ҳам кенгайтирмоқда.
Корхонада ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва уран қазиб олиш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлашда геотехнологик бурғилаш ишларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда ушбу йўналишда моддий-техник база мустаҳкамланди. Жумладан, 2022 йилда корхона тасарруфида 71 та бурғилаш ускунаси мавжуд бўлган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 205 тага етди.
Бурғилаш қувватларининг кенгайтирилиши иш ҳажми ва суръатларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, 2026 йилда уран қазиб олиш учун режалаштирилган геотехнологик бурғилаш ишлари ҳажми 4 миллион 863 минг метр этиб белгиланган эди. Йилнинг дастлабки 10 ойида эса 5 миллион 364 минг 262 метр бурғилаш ишлари бажарилиб, йиллик режа 110,3 фоизга уддаланди.
– Корхонада ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш, бурғилаш техникаси паркини янгилаш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ўз самарасини бермоқда, – дейди “Зафаробод” кон бошқармаси бош муҳандиси Алим Хўжақулов. – Кон бошқармамизда уран ишлаб чиқаришда замонавий технологиялардан бири – ер остида танлаб эритиш усулидан самарали фойдаланилмоқда. Ушбу технологик жараёнда маҳаллий сорбцион ускуналар муҳим ўрин тутади. Бу ускуна (ЛСУ)нинг асосий вазифаси ер остидаги уранли қатламлардан олинадиган маҳсулдор эритма таркибидаги уранни ажратиб олиш ва уни махсус ион алмашинувчи қатрон таркибига ўтказишдан иборат. Уларнинг техник ҳолати, ишончлилиги ва белгиланган технологик режимда ишлаши конлардаги ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Ускуналарнинг самарали фаолияти технологик занжирнинг узлуксизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини мувофиқлаштириш ва мавжуд қувватлардан оқилона фойдаланиш имконини беради.
“Навоийуран” давлат корхонасида ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, конларнинг техник эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишда Таъмирлаш-механика цехи муҳим ўрин тутади.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида цех томонидан жами 153 миллиард 803,7 миллион сўмлик ишлар бажарилди. Жумладан, 105 миллиард 7,3 миллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 48 миллиард 796,4 миллион сўмлик таъмирлаш хизматлари кўрсатилди.
Иштирокчилар цехнинг металл бочка ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш участкасида ҳам бўлишиб, иш жараёнлари билан танишдилар.
– Корхонамизда табиий уран концентратини қадоқлаш учун махсус металл контейнерларни ишлаб чиқариш тўлиқ ўзлаштирилган, – дейди участка бошлиғи Хумоюн Полвонов. – Участкамиз 2024 йилда тўлиқ қувватда иш фаолиятини бошлаган. Ҳозирда 40 нафар муҳандис техник ва ишчи ходим меҳнат қилади. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 210 литр ҳажмли 17 088 дона металл бочка тайёрланиб, уларнинг умумий қиймати 13 миллиард 902,5 миллион сўмни ташкил этди.
[gallery-32703]
ОАВ вакилларига Таъмирлаш-механика цехининг бурғилаш ускунасининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш участкасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида 29 дона бурғилаш ускунаси капитал таъмирдан чиқарилган. Шунингдек, уран ишлаб чиқариш қурилмаларига 576 миллион сўмлик жорий таъмирлаш хизматлари кўрсатилиб, 6 миллиард 15,5 миллион сўмлик бурғилаш ускуналари эҳтиёт қисмлари тайёрланган.
Цехнинг бурғилаш қурилмалари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш участкасида ҳам ишлаб чиқариш ишлари самарали ташкил этилиб, 6 миллиард 924,89 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари