Ўзбекистон ва Иордания: кимё саноатида янги қўшма лойиҳалар амалга оширилади
Кимё саноатида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш тармоқ ривожида муҳим ўрин тутади. Бу борада Ўзбекистон хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва маҳаллий корхоналарнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг янги босқичи Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги кимё саноати алоқаларини кенгайтириш билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига давлат ташрифи доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси мазкур мамлакатнинг йирик саноат ва кимё компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда “Jordan Phosphate Mines Company”, “Al Faiha Group”, “Manaseer Group” ҳамда маиший кимё воситалари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари иштирок этди. Учрашувлар давомида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва ўзаро манфаатли кооперацияни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар натижасида ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Jordan Phosphate Mines Company” ўртасида ўзаро англашув меморандуми расмийлаштирилди. Мазкур ҳужжат кимё саноатида истиқболли йўналишларни биргаликда ўрганиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва компаниялар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда умҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, томонлар “Jordan Phosphate Mines Company”, PLC билан ҳамкорликда озуқабоп монокальций фосфат (MCP) ва дикальций фосфат (DCP) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида битим имзолади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА