Инвестиция, ишлаб чиқариш ва экспорт туман иқтисодий ривожланишининг муҳим омилидир
Бир вақтлар Конимех тумани асосан чорвачилик билан шуғулланувчи туманлардан бири эди. Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Ҳозирда туманда инвестициявий салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт ҳажмини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини манзилли амалга ошириш ва уларнинг самарадорлигини таъминлашдир. Шу мақсадда 2026 йилда туманнинг ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 378,4 миллиард сўмлик 50 та лойиҳани ишга тушириш ҳамда улар ҳисобига 491 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.

Мазкур лойиҳаларнинг 17 таси қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли бўлиб, қиймати 77,4 миллиард сўмни, 8 таси саноат йўналишида бўлиб, қиймати 225,9 миллиард сўмни, 25 таси хизмат кўрсатиш соҳасида бўлиб, қиймати 75,1 миллиард сўмни ташкил этади. Бу эса туман иқтисодиётида саноат билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳам жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
– 2026 йилда туманимизда жами 82,5 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган бўлиб, январь-сентябрь ойларида 47,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, – дейди туман ҳокими Руслан Рўзиев. – Бу кўрсаткич ҳудудга хорижий сармоядорларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва янги иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасида муайян натижаларга эришилаётганини кўрсатади. Жумладан, “Navoi agrofos” МЧЖ ХК томонидан умумий қиймати 125 миллион доллар бўлган донадор фосфоритни қазиб олиш ва қайта ишлаш, фосфор кислотаси ҳамда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 31 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Шунингдек, “Navoiy world agrotech” МЧЖ томонидан пахта етиштиришни ташкил этиш лойиҳасига 15,5 миллион доллар, “Make On Projects” МЧЖ ҚК томонидан шебен ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасига эса 1 миллион доллар инвестиция жалб қилинди.

Бугунги кунда туманда Хитой Халқ Республикасининг “Poly Explosives Group” компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида “Industrial mining technology” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. “Шўртепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан аукцион орқали 40,6 гектар ер майдони ажратилиб, ҳозирда қурилиш ишларини бошлаш учун ерни текислаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 100 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида умумий қиймати 60,5 миллиард сўмлик 34 та лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 158 та янги иш ўрни яратилди.

Экспорт салоҳиятини ошириш ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки экспортнинг ўсиши маҳаллий корхоналар фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва мамлакатга хорижий валюта тушумини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
2026 йилда туман бўйича 3 миллион 15 минг долларлик экспортни амалга ошириш режалаштирилган. Унинг 514 минг доллари саноат маҳсулотлари, 2 миллион 500 минг доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 9 та корхона томонидан жами 2 миллион 111 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Туманда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Бирлашган Араб Амирликлари, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Эрон каби давлатларга экспорт қилинаётгани маҳаллий тадбиркорларнинг ташқи бозорларда ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўрсатади. Айни пайтда экспорт географиясини янада кенгайтириш, маҳсулотлар сифатини халқаро талаблар даражасига етказиш, логистика имкониятларини яхшилаш ва экспортчи корхоналар сонини кўпайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, импортга қарамликни камайтириш ва миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар доирасида маҳаллийлаштириш дастури ҳам муҳим аҳамият касб этади. Туманда 2026 йилда ушбу дастур доирасида 6 та лойиҳа ҳисобига умумий қиймати 5,3 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш белгиланган.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 4 та лойиҳа доирасида 1 миллиард 425 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жумладан, “Garden House Products” МЧЖ томонидан 121 миллион сўмлик декоратив буюмлар – ҳайкал ва фигуралар ҳамда 198 миллион сўмлик ванналар, “Navoi Polymer Facture” МЧЖ томонидан 896 миллион сўмлик иккиламчи хомашёдан тайёрланадиган полимер гранулалар, “Obod Konimex Chashmalari” МЧЖ томонидан эса 210 миллион сўмлик оловга чидамли жун мато ва махсус кийимлар ишлаб чиқарилди.
Албатта, туманда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт ҳажмини ошириш ва маҳаллийлаштириш дастурини ривожлантириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Энг асосийси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳалари аҳоли фаровонлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири