«Иннопром. Марказий Осиё-2027» кўргазмаси апрель ойида бўлиб ўтади
2027 йилнинг 19-21 апрель кунлари пойтахтимизда “Иннопром. Марказий Осиё” еттинчи халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради ТАСС ахборот агентлиги Россиянинг мамлакатимиздаги Савдо ваколатхонасига таяниб.
Қайд этилишича, кўргазма ўтган йиллар давомида саноат кооперацияси, технологик шерикликни ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим халқаро майдонлардан бири сифатида ўзини намойиш этди.
Шу йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган кўргазмада 35 та давлатдан 10 мингдан зиёд иштирокчи тўпланди. Тадбирда 5 200 дан ортиқ компаниялар, жумладан Россиянинг 64 та ҳудудидан 1 100 корхона вакиллари иштирок этди.
Кўргазманинг умумий майдони 18 000 квадрат метр бўлиб, 350 дан ортиқ қатнашчилар ўз маҳсулотлари ва ишланмаларини намойиш этди.
Азиза Алимова, ЎзА