Нозима "Эл-юрт умиди" танлови ғолиби бўлди
Сирдарё вилоятининг таълим тизими яна бир қувончли янгилик билан бойиди. Гулистон шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг иқтидорли битирувчиси Нозима Сотиболдиева "Эл-юрт умиди" жамғармасининг 2026 йилги биринчи очиқ стипендия танловида ғолибликни қўлга киритиб, Австралиянинг нуфузли University of Technology Sydney (UTS) университетида таҳсил олиш имкониятини қўлга киритди.
Мазкур стипендия танлови хорижнинг етакчи олий таълим муассасаларида билим олишни мақсад қилган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, унда юксак билим, чет тилларини билиш даражаси, илмий салоҳият ва етакчилик қобилиятига эга номзодлар саралаб олинади. Нозиманинг мазкур ютуғи ҳам унинг кўп йиллик изланишлари, изчил меҳнати ва билимга чанқоқлигининг муносиб самараси бўлди.
У таҳсил оладиган University of Technology Sydney Австралиянинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, халқаро рейтингларда мунтазам равишда дунёнинг ТОП-100 университетлари қаторидан ўрин олади. Ушбу университет инновацион таълим тизими, илмий тадқиқотлари ва замонавий мутахассислар тайёрлашдаги юқори салоҳияти билан жаҳонда эътироф этилган.
Бу ютуқ, энг аввало, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар бўлиб камол топиши учун яратилаётган кенг имкониятлар самараси эканини яна бир бор тасдиқлайди.
— Бу мен учун унутилмас ва кўтаринки кайфият бағишлаган воқеа бўлди. Олдимга қўйган энг катта мақсадларимдан бирига эришдим. Ҳали амалга оширмоқчи бўлган режаларим, орзу ва мақсадларим жуда кўп. Бугунги ютуғимда аввало меҳр ва ишончи билан мени қўллаб-қувватлаган ота-онамга, билим ва тарбия берган азиз устозларимга чексиз миннатдорлик билдираман. Шунингдек, биз ёшларга шундай юксак имкониятлар яратиб, хорижнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олишимиз учун кенг йўл очиб бераётган муҳтарам Президентимизга ҳам самимий ташаккур айтаман. Ана шундай эътибор ва ишонч биз, ёшларни янада кўпроқ изланишга, Ватанимиз равнақи учун муносиб кадр бўлишга ундайди, — дейди Нозима Сотиболдиева.
Таълим соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, бундай ютуқлар бошқа иқтидорли ёшлар учун ҳам катта руҳий рағбат ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Чунки юртимизда илм-фан ва таълимга қаратилаётган юксак эътибор ҳар бир интилишга тайёр ёшга ўз салоҳиятини намоён этиш имконини бермоқда.
Нозима Сотиболдиеванинг халқаро миқёсдаги бу муваффақияти нафақат унинг оиласи ва устозлари, балки бутун Сирдарё вилояти аҳли учун ҳам фахр ва ифтихор манбаи бўлиб, мамлакатимиз ёшларининг интеллектуал салоҳияти тобора юксалиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодасига айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири