Креатив индустрия: халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали мамлакатимизнинг маданий нуфузи юксалади
Мамлакатимизда креатив индустрия, иқтисодиётни инновацион жиҳатдан ривожлантириш рағбатлантириб борилмоқда. Мазкур соҳадаги ижодий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантириш, шу соҳада янги иш ўринларини яратиш, ёшлар ва тадбиркорларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йил 8 июлда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун билан соҳада қандай ўзгаришлар амалга оширилади?
– Янги қонуннинг асосий мақсади – қўшимча имтиёзлар берилиши орқали креатив иқтисодиётнинг янада ривожлантирилишини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар ва рағбатлантирувчи механизмлар яратишдир, – деди Олий Мажлис Санати аъзоси Абдусаид Кўчимов. – Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган мутахассислар учун айрим солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Солиқ кодексидаги “Креатив паркнинг” деган сўзлар “Креатив индустрия паркининг” деган сўзлар билан алмаштирилиб, “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонундаги креатив индустрия парки тушунчаси билан мувофиқлаштирилди.
Киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар билан 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда Президент Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган чет эл контрагентлари қўшилган қиймат солиғи, тўлов манбаида фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинди.
Ушбу имтиёз чет эл контрагентлари креатив индустрия соҳасига бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун жалб этилганда қўлланилади.
Маданият ва санъат жамғармаси томонидан халқаро ва давлатлараро даражадаги тадбирларни сифатли ўтказиш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилди.
Шунга мувофиқ, маданият ва санъат бўйича халқаро ҳамда давлатлараро даражадаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ давлат хариди тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди.
Бундай тадбирларнинг даражалари эса қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.
“Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонунда Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгашининг зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Янги ташкил этилган (рўйхатдан ўтказилган) креатив индустрия субъектларини креатив индустрия паркининг резидентлигига қабул қилишда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган креатив индустрия соҳасидаги фаолиятидан олинган даромаднинг минимал миқдори бўйича шартлар инобатга олинмаслигини назарда тутувчи норма ҳам қонунчиликка киритилди.
Қонунда назарда тутилган шартлар молия йилининг якунларига кўра бажарилмаган тақдирда, фойдаланилган имтиёзлар суммаси солиқ тўғрисидаги қонунчиликка асосан қайта ҳисобланади ва бюджетга ундирилади.
Ушбу нормалар билан назарда тутилган қоидалар 2026 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қонун креатив индустрия соҳасида янги ташкил этилган субъектларни креатив индустрия паркининг резидентлигига қабул қилишда енгилликлар яратди. Маданият ва санъат бўйича халқаро ҳамда давлатлараро тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириш имконияти ҳам яратилди.
Хулоса қилиб айтганда, қонун креатив индустрия соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, маданий тадбирларнинг сифати ва кўламини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги маданий нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА