146,5 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш аниқланди
Энергия ресурслари – мамлакат иқтисодиётининг стратегик бойлиги, ҳар бир хонадон ва корхонанинг барқарор фаолияти учун муҳим омил ҳисобланади. Шу боис табиий газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ёки ноқонуний истеъмол қилиш ҳолатларига қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан энергетика соҳасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш, ресурсларни тежаш, замонавий ҳисобга олиш тизимларини жорий этиш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай чора-тадбирлар доирасида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти Шофиркон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида яна бир қонунбузилиш ҳолати фош этилди.
Текширув натижаларига кўра, “П.Н.” МЧЖ раҳбари А.Ш. Шофиркон туманининг “Қучоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида табиий газ тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан, визуал аниқлаш имкони бўлмайдиган яширин усулда тўғридан-тўғри уланиб олгани маълум бўлди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ноқонуний ҳаракатлар оқибатида 146,5 миллион сўмлик табиий газ қонунга зид равишда истеъмол қилинган. Бу эса нафақат давлат манфаатларига катта иқтисодий зарар етказади, балки энергия таъминоти тизимининг барқарор ишлашига, ҳалол тўлов қилаётган истеъмолчиларнинг манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолатнинг барча жиҳатларини ҳар томонлама ўрганишга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Энергия ресурсларини ноқонуний ўзлаштиришга қарши кураш бугунги кунда давлат сиёсатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Президентимиз томонидан соҳада интизомни мустаҳкамлаш, рақамли назорат тизимларини кенг жорий этиш, энергия тежамкорлигини ошириш ва ҳар бир куб метр табиий газнинг ҳисобини аниқ юритиш бўйича берилган топшириқлар изчил амалга оширилмоқда. Бу эса қонунбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга нисбатан қатъий ҳуқуқий чоралар кўриш имконини кенгайтирмоқда.
Ҳар бир фуқаро ва тадбиркор энергия ресурслари умумхалқ бойлиги эканини унутмаслиги лозим. Улардан ноқонуний фойдаланиш қисқа муддатли манфаат келтиргандек туюлиши мумкин, аммо унинг оқибати жиноий жавобгарлик, катта иқтисодий зарар ва жамият манфаатларига путур етказиш билан якунланади. Қонунга ҳурмат, ҳалол фаолият ва ресурсларга эҳтиёткорона муносабат эса мамлакатимиз тараққиёти ва энергетика хавфсизлигининг энг муҳим кафолатидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири