Олти соатлик машаққатли йўл ортидаги эзгулик
Тонг соат 6:30. Қарши шаҳридан Яккабоғ туманининг тоғлар бағрида жойлашган Зармас қишлоғи сари йўлга чиқдик. Манзил олис. Туман марказидан қарийб 120 километр. Аммо бу масофа оддий йўл эмас – тоғ бағирлари, жарликлар, сойлар ва тошлоқ сўқмоқлар орқали босиб ўтиладиган машаққатли йўл.
Газ баллонлари ортилган автомашина ҳайдовчиси “олти соатда етиб борамиз”, деганида ишониш қийин эди. Бироқ йўл давомида бу гапнинг нақадар ҳақиқат эканига амин бўлдик.

Қамаши тумани ҳудудидаги Лангар ота зиёратгоҳи, Майданак обсерваторияси томонидан ўтиб, тоғли ҳудудларга кириб борган сари йўл янада оғирлашди. Арчазорлар, сойлар, чуқур даралар, тор сўқмоқлар... Айрим жойларда икки машина эмас, ҳатто битта юк автомашинаси аранг сиғади.

Йўлнинг энг хавфли нуқталаридан бирида рўпарамиздан яна бир юк автомашинаси чиқиб қолди. Бир томонда жарлик, иккинчи томонда тик тоғ. Вазият тажрибали ҳайдовчиларнинг маҳорати туфайли хавфсиз ҳал этилди ва сафар яна давом этди.

Олти соатлик машаққатдан сўнг тоғлар қучоғидаги Зармас қишлоғи кўринди.

Газ хизмати ходими “Газ келди!” деб чақириши билан аҳоли бирин-кетин йиғила бошлади. Бу ерда газ баллони етказиб бериш оддий хизмат эмас, балки ҳар уч ойда кутиладиган муҳим воқеа.

Қишлоқ аҳолиси навбат билан газ баллонларини қабул қилиб олар экан, уларнинг юзида мамнунликни кўриш қийин эмасди.

70 ёшли Парда Мирзаев ҳам ана шундай инсонлардан бири.
– Бу тоғли ҳудудга келиб хизмат кўрсатиш осон эмас. Йўлнинг машаққатини ўзингиз ҳам кўрдингиз. Шундай бўлса-да, газчилар вақтида келиб, аҳолини газ билан таъминлаб кетади. Бунинг учун давлатимиздан, юртбошимиздан миннатдормиз. Олис қишлоқда яшасак ҳам, эътибордан четда эмаслигимизни ҳис қиламиз, – дейди у.

Яна бир неча қишлоқ аҳолиси ҳам бу хизматнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, айниқса, қиш фаслида маиший газнинг ўз вақтида етказилиши оилалар учун катта енгиллик бўлишини таъкидлади.
Икки соат давомида 110 дона маиший газ баллони ўз эгаларига топширилди.

Кеч соат 18:30 ларда Зармас билан хайрлашдик. Олдинда яна саккиз соатлик қайтиш йўли турарди. Газ хизмати ходимлари эса уч ойдан кейин яна шу машаққатли йўлни босиб ўтишларини айтиб, қишлоқ аҳли билан хайрлашди.

Тоғлар бағридаги бу сафар яна бир ҳақиқатни кўрсатди: мамлакатимизда аҳолига яратилаётган ижтимоий хизматлар ва қулайликлар фақат шаҳарлар ёки туман марказлари билан чекланиб қолмаяпти. Энг олис ва бориш қийин бўлган қишлоқларгача етиб бораётган бундай амалий ишлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсатининг ҳаётдаги яна бир ёрқин ифодасидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири