Ноёб қушни пулламоқчи бўлган шахс ушланди
Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар жараёнида нодир турдаги жонзотларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси — экополиция тезкор гуруҳи ва ички ишлар органлари ходимлари навбатдаги муҳим рейд-назорат тадбири уюштиришди.
Маълум бўлишича, Наманган шаҳрининг Янги аср маҳалласида яшовчи фуқаро К. Б. лочинлар оиласига мансуб битта йиртқич қушни 160 АҚШ долларига савдолашаётган пайтда қўлга олинди. Қолаверса, яшаш ҳовлисида яна бир ёввойи турини боқаётгани аниқланди.

Наманган давлат университетининг илмий кенгаши хулосасига асосан, мазкур фауна вакиллари Ўзбекистон Қизил китобига киритилган итолғи ("Falco çerrug") ва қарчиғай ("Accipiter gentilis") эканлиги тасдиқланди. Шу тариқа, бу ёввойи йиртқич паррандалар Тўрақўрғон туманидаги махсус питомникка топширилди.

Натижада, қонунбузар шахс жами 1 миллиард 300 миллион сўмдан зиёд миқдорда зарар тўлаши ҳисобланди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда тўпланган материаллар, барча ашёвий далиллар прокуратура органига жўнатилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири