Тиббиёт муассасаларидаги ютуқ ва камчиликлар ўрганилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб, тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, унинг сифати ва тезкорлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.
Ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатлар касалликларнинг олдини олиш ҳамда тиббиёт муассасаларида барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Тизим муассасаларида яратилаётган шарт-шароитлар халқ вакилларининг доимий эътибор марказида бўлиб келади. Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги ўрганишлари давомида қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, уларнинг фаолиятини яқиндан ўрганишмоқда.
Жумладан, депутатлар Б.Алихонов ва О.Литвинова пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 35-сон оилавий поликлиника фаолияти билан танишди. Депутатлар муассаса фаолияти, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва яратилган шароитларни ўрганди. Маълум қилинишича, бугунги кунда поликлиникада 170 нафар тиббиёт ходими фаолият юритиб, 10 та маҳаллада истиқомат қилувчи 45 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ўрганиш давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда поликлиникада II ва III гуруҳ ногиронлиги бўлган 700 нафар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган 72 нафар фуқаро рўйхатда туради. I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар учун мунтазам уй патронаж хизмати йўлга қўйилган бўлиб, зарур ҳолларда тор соҳа мутахассислари томонидан онлайн маслаҳатлар ҳам ташкил этилади.
Шунингдек, депутатлар DMED рақамли тиббиёт тизими асосида фаолият юритаётган электрон рўйхатга олиш бўлими, оилавий шифокорлар хоналари, кўрик ва ультратовуш диагностикаси хоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
****
Депутат Гулнорахон Абдувоҳидованинг Избоскан туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги ўрганишлари ҳам самарали кечди. Ташриф давомида тиббиёт муассасасида жорий этилган DMED ягона электрон ахборот тизимининг ишлаш жараёни, унинг тиббий хизматлар сифатини ошириш, маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ҳамда аҳоли учун қулайликлар яратишдаги аҳамияти билан яқиндан танишилди.

Тиббиёт ходимлари билан мулоқот чоғида соҳа ривожини таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, тизимда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Поликлиникада интернет тезлиги пастлиги сабабли DMED электрон ахборот тизимидан самарали фойдаланишда қийинчиликлар юзага келаётгани аниқланди. Депутат кўмаги билан тегишли мутасадди ташкилот вакиллари жалб қилиниб, мавжуд камчиликни бартараф этиш чоралари кўрилди. Натижада интернет тезлиги билан боғлиқ муаммо жойида ижобий ҳал этилди.
М.Комилова,
ЎзА