Мутахассис: уй шароитида тайёрланган ва ишончсиз консерва маҳсулотларини истеъмол қилманг
Биз аёлларнинг қишга озиқ-овқат ғамлаш, хусусан, уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлаш одатимиз бор. Ҳар йили баҳор-ёз ойларида оила аъзоларимизни ўйлаб, дастурхон тўкинлиги ҳамда қиш-баҳор фаслларида сархил неъматлардан баҳраманд бўлиш мақсадида турли мева ва сабзавотлардан консервалар тайёрлаймиз. Албатта, оиламиз, фарзандларимизга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш ниятида қиладиган бу хайрли ишларимиз таҳсинга лойиқ.
Бироқ тиббиёт ва санитария-эпидемиология мутахассислари бундай ғамхўрлик айрим ҳолларда акс таъсир қилиб, инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкинлигидан мунтазам огоҳлантириб келади. Хусусан, уй шароитида, санитария ва технологик талабларга тўлиқ риоя этилмаган ҳолда тайёрланган консерва маҳсулотлари ботулизм каби ўта хавфли юқумли хасталикка сабаб бўлиши эҳтимоли юқори.
Хўш, ботулизм аслида қандай касаллик? У нима учун айнан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари орқали юқади ва инсон организмига қандай таъсир кўрсатади?
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси бош мутахассиси, тиббиёт фанлари номзоди Абдураҳмон Исмоилов бу ҳақда батафсил маълумот берди:
– Овқатдан заҳарланиш касалликлари ичида энг оғир кечадигани ва инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлгани ботулизм касаллигидир. Унинг қўзғатувчиси клостридий деб аталувчи бактерия бўлиб, айнан шу микроорганизм касалликни юзага келтирувчи асосий омил ҳисобланади. Мазкур бактериянинг ўзига хос хусусияти шундаки, у кўпроқ анаэроб, яъни кислородсиз шароитда тез ривожланади ва авжига чиқади.
Республика миқёсида рўйхатга олинаётган ботулизм касаллиги ҳолатлари таҳлил қилинганда, буларнинг асосий сабабчиси айнан уй шароитида тайёрланган сабзавотли консерва маҳсулотларидир.
Шу ўринда юртдошларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, авваламбор, уй шароитида консерва маҳсулотларини умуман тайёрламанг. Чунки ботулизм касаллигининг юзага келишига сабабчи бўладиган бактерия споралари табиатда, хусусан, тупроқларда доимий равишда мавжуд бўлади. Етиштирилаётган полиз ва сабзавот экинлари эса бевосита тупроқ билан алоқада бўлади. Шу боис помидор бўладими, бақлажонми, бодрингми ёки карамми – улардан уй шароитида консерва маҳсулоти тайёрланмаслиги зарур.
Айтайлик, сиз уй шароитида шиша идишни, яъни банкангизни жуда тўғри ва чиройли қилиб ювдингиз. Қолаверса, консерва қилинадиган сабзавот маҳсулотларини ҳам обдон тозалаб ювдингиз, дейлик. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳеч ким уй шароитида, йирик саноат корхоналаридаги каби маҳсулотга тўлиқ термик ишлов бериш жараёнини бажара олмайди. Чунки уй шароитида бундай юқори ҳарорат ва босим остидаги технологик жараённи амалга оширишнинг имкони йўқ. Уйдаги қайнатиш ва термик ишлов бериш жараёнида ботулизмни юзага келтирувчи токсин, яъни заҳар йўқ бўлиши мумкин, лекин унинг спорасини уй шароитидаги оддий термик ишлов бериш орқали йўқ қилишнинг мутлақо иложи йўқ. Герметик ёпилган, кислородсиз идиш ичида қолган ўша споралар вақт ўтиши билан ривожланиб, заҳар ишлаб чиқара бошлайди.
Ушбу бактериялар инсон организмига тушгандан кейин ўзидан ўта кучли заҳар ажратади. Организмга тушган заҳар миқдорига қараб, у энг аввало, инсоннинг марказий ва периферик асаб толаларини шикастлайди. Бунинг оқибатида беморда нафас олиш, юрак-қон томир тизими, ошқозон-ичак фаолияти ва бошқа муҳим ички аъзолар ишининг бирин-кетин бузилиши юзага келади. Охир-оқибат бу ҳолат инсонда ўпка-юрак етишмовчилиги каби ўта оғир асоратларга ва кўп ҳолларда бемор ҳаётининг хавф остида қолишига олиб келади.
Шу боис, биз мутахассислар аҳолини ўзлари ва яқинлари саломатлигига бефарқ бўлмасликка, уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашдан воз кечишга ҳамда саноат усулида, барча санитария ва технологик меъёрларга риоя этилган ҳолда ишлаб чиқарилган, сифат сертификатига эга маҳсулотларни истеъмол қилишга чақирамиз. Агар консерва маҳсулотлари истеъмолидан сўнг кўнгил айниши, қоринда оғриқ, кўриш қобилиятининг хиралашиши, ютиниш ва нафас олишнинг қийинлашиши каби белгилар кузатилса, зинҳор вақтни бой бермасдан зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА