Ноқонуний уланиш аниқланди
Табиий газ — хонадонлар, ижтимоий соҳа объектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кундалик фаолияти учун муҳим ресурс. Шу боис ундан оқилона ва қонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий масъулият ҳамдир. Афсуски, айрим истеъмолчилар газдан фойдаланиш қоидаларини четлаб ўтишга уринаётгани назорат тадбирлари давомида яна бир бор маълум бўлмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раиси топшириғига асосан республиканинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган ўрганишлар давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди.

Бухоро шаҳридаги “Турки Жандий” маҳалласи Баракиён кўчасида фаолият юритаётган новвойхонада ўтказилган хатлов жараёнида табиий газ тармоғига ҳисоблагичдан олдин пластик қувур орқали тўғридан-тўғри уланиб олингани фош этилди. Яъни, газ сарфини ҳисобга олувчи қурилмани четлаб ўтган ҳолда табиий газдан фойдаланилган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, етказилган зарар миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Натижада газ таъминоти корхонасига 783 миллион 238 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланди.
Шунингдек, Қоракўл туманининг “Ташаббус” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро А.М.нинг хонадони ҳам ўрганилди. Бу ерда эса табиий газдан фойдаланишнинг янада яширин усули қўллангани маълум бўлди.

Хонадонда истеъмолчи визуал аниқлаш қийин бўлган усулда резина шланг орқали табиий газ тармоғига ноқонуний уланган ҳолда газдан фойдалангани аниқланган.
Ўтказилган қайта ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 260 миллион 172 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Шундай қилиб, икки ҳолат бўйича аниқланган умумий зарар миқдори 1 миллиард 43 миллион 410 минг сўмни ташкил этди.
Аниқланган ҳар икки ҳолат бўйича белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларига топширилди.
Назорат тадбирлари давом этмоқда. Қонунийлик эса — барқарор ва хавфсиз газ таъминотининг энг муҳим кафолатидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири