"Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?" – бобо ва набира суҳбати иқтисодчи олим нигоҳида
"Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?» Эрталаб бобосини сафарга кузатаётган Шавкатбек беғубор болалик самимияти билан берган бу саволи бутун халқимиз қалбида акс-садо беришини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Сафар тараддудида набирасига батафсил жавоб беришга улгурмаган бобо ўз қалб кечинмаларини самолётда қоғозга туширди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 ноябрь куни Иорданияга олий даражадаги давлат ташрифи чоғида битган мактуби шу тариқа оддий оилавий мулоқот доирасидан чиқиб, миллат келажаги, авлодлар ворисийлиги, илм-маърифат ва инсон камолоти ҳақидаги теран мушоҳадага айланди.
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг таклифига биноан амалга оширилган ташриф икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Парвоз чоғида битилган мактуб эса халқимиз учун ўзига хос маънавий туҳфа бўлди.
Мактубни мутолаа қилган ҳар бир ота-она, бобо ва буви унда ўз фарзанди ёки набирасига айтмоқчи бўлган эзгу тилакларини, ҳаётий орзу-умидларини топиши табиий. Зеро, давлатимиз раҳбари мактубдаги фикрларини Ўзбекистоннинг барча фарзандларига бағишлаганини алоҳида таъкидлайди.
Ушбу мактубни олим ва устоз сифатида, аввало, бугунги талаба-ёшларимизга қаратилган маънавий мурожаат тарзида қабул қилдим. Унда замонавий олий таълимнинг энг муҳим вазифаларидан бири – ёшларга нафақат касбий билим бериш, балки уларда ҳаётий мақсад, фуқаролик позицияси ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш масаласи ўз ифодасини топган.
Дарҳақиқат, набиранинг саволи замирида болаликка хос соғинч мужассам. Бундай саволни узоқ сафарга отланган ҳар бир ота ҳам, бобо ҳам ўз фарзанди ва набирасидан кўп эшитган. Бобонинг жавобида эса давлат раҳбарининг халқ ва келажак авлод олдидаги масъулияти намоён бўлади.
Президентимиз хорижий мамлакатларга тез-тез сафар қилишининг асосий мақсади халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимизнинг билимли, замонавий касб-ҳунар эгалари бўлиб улғайиши учун янги имкониятлар яратишдан иборат эканини тушунтиради.
Олий даражадаги давлат ташрифлари халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция оқимларини рағбатлантириш, ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Халқаро келишувлар замирида янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар, иш ўринлари, таълим дастурлари ва илмий ҳамкорлик имкониятлари мужассам.
Бундай катта имкониятларни амалий натижага айлантириш, биринчи навбатда, малакали инсон капиталига боғлиқ. Бугун аудиторияда таҳсил олаётган талаба эртага халқаро инвестиция лойиҳасини бошқариши, ташқи савдо музокараларида иштирок этиши ёки инновацион корхона ташкил этиши мумкин.
Шу маънода, хорижий тилларни пухта эгаллаш, халқаро иқтисодий муносабатлар қонуниятларини англаш, инвестиция лойиҳаларини баҳолаш ва стратегик фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш замонавий иқтисодчи мутахассис учун объектив заруратдир.
Иқтисодиётнинг марказида инсон туради
Мактубнинг ғоявий ўзагини халққа хизмат қилиш фалсафаси ташкил этади. Давлатимиз раҳбари миллат дардига дармон бўлишни инсон ҳаётининг энг олий мақсадларидан бири сифатида талқин этади. Мактубда таъкидланишича, у депутат, ҳоким, бош вазир ва давлат раҳбари лавозимларида ишлаганида ҳам халқ оғирини енгил қилишни ҳаётининг маъно-мазмуни деб билган. Бу қараш мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан индустриал ислоҳотларнинг асосий тамойили – давлатнинг инсон манфаатларига хизмат қилиши ғояси билан ҳамоҳангдир.
Аслида, иқтисодиёт фанининг пировард мақсади ҳам инсон фаровонлигини таъминлашдан иборат. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, инвестициялар ҳажмининг ортиши, экспорт салоҳиятининг кенгайиши ёки меҳнат унумдорлигининг ошиши, энг аввало, аҳоли турмуш сифатида ўз аксини топиши билан аҳамиятлидир.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2016 йилда Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 12,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 33,8 миллиард долларга етди. Тўққиз йил ичида экспорт 21,7 миллиард долларга ёки қарийб 2,8 баробарга ошди. 2025 йилда мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларни ташкил этди. Иқтисодчи учун бу рақамларнинг асл маъноси уларнинг ортида турган ҳаётда: экспортнинг ҳар бир қўшимча миллиарди янги корхоналар, иш ўринлари ва оилалар даромади демакдир.
Иқтисодий тараққиётни фақат макроиқтисодий кўрсаткичлар орқали баҳолаш етарли эмас. Унинг ҳақиқий самараси оилалар даромадининг кўпайиши, муносиб иш ўринларининг яратилиши, сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши билан белгиланади.
Шу боис биз тайёрлаётган ҳар бир иқтисодчи қабул қилинаётган қарорнинг нафақат молиявий самарадорлигини, балки ижтимоий аҳамиятини ҳам баҳолай олиши зарур. Касбий салоҳият халқ манфаатига хизмат қилгандагина чинакам қадриятга айланади. Мактубдаги “Ватанга наф келтирмоққа, эл корига ярамоққа интил!” деган даъват ҳам айнан шу ҳақда.
Тарихий хотира ва инсон капитали
Мактубда давлатимиз раҳбари ўз болалик йилларини, ўша даврнинг мураккаб ижтимоий муҳитини ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ машаққатларни эслайди. Бу хотиралар бир инсоннинг шахсий кечинмаларигина эмас, балки бутун бир авлоднинг тарихий тажрибасидир.
Ўқувчиларнинг таълим олиш ўрнига пахта далаларига жалб этилиши жамиятнинг интеллектуал салоҳиятига, инсон капитали шаклланишига ва келажакдаги иқтисодий имкониятларига, шунингдек, миллий қадриятларига салбий таъсир кўрсатган.
Замонавий иқтисодий назарияда таълимга йўналтирилган маблағ оддий харажат эмас, балки узоқ муддатли инвестиция сифатида баҳоланади. Чунки инсоннинг билими, малакаси ва интеллектуал салоҳияти иқтисодий ўсишнинг муҳим манбаларидан биридир.
Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам берилиши, болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши, мактабгача ва мактаб таълими инфратузилмасининг ривожлантирилиши нафақат ижтимоий, балки стратегик иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Улуғвор ислоҳотлар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясига бориб тақалади. Президентимиз 2020 йилда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”даги нутқида мактабгача таълим, мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси деб атаган эди. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлилар эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни сифатида эътироф этилган. Натижалар рақамларда ҳам кўринади: сўнгги саккиз йилда боғчаларда ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайтирилиб, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди.
Олий таълим ушбу занжирнинг ҳал қилувчи ҳалқасидир. Боғчада уйғонган қизиқиш ва мактабда шаклланган билим университетда касбий салоҳиятга айланади.
Аждодлар мероси – замонавий тафаккур манбаи
Мактубда Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари буюк аждодларимиз меросига мурожаат қилиниши бежиз эмас. Уларнинг илмий ва маънавий фаолиятини замонавий илм-фан методологияси нуқтаи назаридан ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Имом Бухорий ҳадисларни жамлашда ҳар бир ровийнинг ишончлилигини синчиклаб текширган. Бу усул бугунги илмий тадқиқотлардаги ахборот верификацияси ва далилларга асосланган таҳлил тамойилларини ёдга солади.
Абу Райҳон Беруний тоғ чўққисидан уфқни кузатиш усули билан ер радиусини ҳисоблаган, унинг натижаси ҳозирги ўлчовларга жуда яқин чиққан. Олимнинг металл ва минераллар солиштирма оғирлигини аниқлаш борасидаги тадқиқотлари математик тафаккур ва эмпирик кузатувнинг юксак намунасидир.
Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари Европа университетларида бир неча аср давомида асосий дарслик бўлган. Олим дориларнинг таъсирини тажрибада синаш қоидаларини ишлаб чиққан. Бу мерос тажриба, кузатув ва тизимли билимнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини намоён этади.
Мирзо Улуғбек мингдан ортиқ юлдузнинг осмондаги ўрнини кўрсатувчи “Зижи Кўрагоний” жадвалини тузган. У юлдуз йилининг давомийлигини 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сония деб ҳисоблаган. Бу натижа замонавий асбоблар ёрдамида аниқланган кўрсаткичдан бир дақиқага ҳам етмайдиган фарқ қилади. Улуғбек мероси илмий аниқлик, математик моделлаштириш ва маълумотларни тизимлаштириш маданиятининг тарихий намунасидир.
Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида она тилимизнинг бой имкониятларини илмий асослаб берган, мадраса ва шифохоналар қурдирган. Маҳмудхўжа Беҳбудий янги усулдаги мактаблар очиб, улар учун дарсликлар ёзган, “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини нашр этган. Уларнинг фаолияти жамият тараққиётида интеллектуал муҳит беқиёс ўрин тутишини кўрсатади.
Бугунги иқтисодиёт ҳам ана шу фундаментал тамойилларга – ишончли ахборот, аниқ ҳисоб-китоб, танқидий тафаккур ва илмий асосланган қарорларга таянади. Сунъий интеллект, катта маълумотлар ва рақамли технологиялар даврида аждодларимизнинг илмий изланиш маданияти янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Талабалар учун хулоса оддий: ҳар бир рақамни манбага қараб текшириш, ҳар бир хулосани далилга асослаш – Бухорий ва Беруний анъанасини бугунги кунда давом эттиришдир.
Истеъдод – стратегик ресурс
Ҳар қандай буюк кашфиёт, илмий ютуқ ёки технологик янгилик замирида узоқ йиллик меҳнат, изланиш ва тўғри йўналтирилган истеъдод туради. Мактубда бу ҳақиқат содда ифодаланган: олимлар, ихтирочилар, чемпионлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.
Мактубда ёш авлодни тарбиялаш жараёни боғбоннинг ниҳол парваришлашига қиёсланади. Боғбон ниҳолни бугун экса, мевасини йиллар ўтиб теради. Иқтисодчи тилида айтганда, бу – натижаси узоқ муддатда намоён бўладиган инвестиция. Инсон капитали ҳам қисқа муддатда шаклланмайди. У оила, мактаб, университет ва жамиятнинг узлуксиз ҳамкорлиги натижасида ривожланади.
Президентимиз мактубда ўн йил олдин иқтидорли болаларни тарбиялашга киришилганини ва бугун унинг дастлабки натижалари кўринаётганини таъкидлайди. Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, халқаро таълим дастурлари ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмлари мамлакат интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган узоқ муддатли инвестициялардир. Ёшларимизнинг халқаро фан олимпиадаларидаги ғалабалари, 2022 йилда Жаҳон шахмат олимпиадасида эришилган олтин медаль, нуфузли хорижий университетлардаги таҳсили ушбу саъй-ҳаракатларнинг самарасини кўрсатмоқда.
Олий таълим муассасаларининг вазифаси мактабда шаклланган истеъдодни янада ривожлантириш, уни илмий кашфиёт, инновацион маҳсулот ва амалий иқтисодий қийматга айлантириш учун зарур муҳит яратишдан иборат. Олимпиада ғолиби бўлган абитуриент университетда оддий маърузалар билан чекланиб қолса, унинг салоҳияти рўёбга чиқмайди. Шунинг учун иқтидорли талабаларни биринчи курсданоқ илмий тадқиқотларга, стартап лойиҳаларига ва халқаро академик дастурларга жалб этиш университетлар фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиши лозим.
Сунъий интеллект ва мустақил тафаккур
Мактубда замонавий технологиялар ҳақида билдирилган мулоҳазалар ҳам алоҳида эътиборга молик. Давлатимиз раҳбари ёшларнинг вақти, эътибори ва имкониятларини ўғирлайдиган технологиялар кўпаяётганидан огоҳлантиради. Шу билан бирга, гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш, аммо уларга қарам бўлиб қолмаслик кераклигини уқтиради. Президентимиз ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш каби ўчмаслигини таъкидлайди. Мактубда келтирилган “Олтин зангламас” мақоли ҳам шу фикрни тўлдиради: чинакам билим ва маърифат ҳеч қачон қадрини йўқотмайди.
Бугун инсоният ахборот танқислиги эмас, балки ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги шароитида яшамоқда. Бундай муҳитда энг қимматли интеллектуал кўникма маълумотни топиш эмас, балки уни саралаш, таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш қобилиятидир.
Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни қисқа вақтда қайта ишлаш, мураккаб иқтисодий жараёнларни моделлаштириш ва прогнозлаш имконини бермоқда. Бироқ технология инсоннинг мустақил тафаккури, ижодкорлиги ва ахлоқий масъулияти ўрнини эгаллай олмайди. Курс ишини сунъий интеллектга ёздириб топширган талаба баҳо олиши мумкин, лекин билим олмайди.
Мактубдаги “Тил билган – эл билади” ҳикмати ҳам рақамли даврда янгича маъно касб этмоқда. Илмий маълумотлар ва ахборот манбаларининг катта қисми хорижий тилларда. Тил билган талаба уларни бевосита ўқийди, халқаро илмий ҳамкорликда иштирок этади ва жаҳон меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллайди.
Вақт – қайта тикланмайдиган иқтисодий ресурс
Мактубнинг энг таъсирчан жиҳатларидан бири вақт қадри ҳақидаги мулоҳазалардир. Набирасининг “Бобожон, ҳозир сизга нима кўпроқ етмайди?” деган саволига Президентимиз “Вақт етмайди, вақт!” деб жавоб беради. Давлатимиз раҳбари халқи тунда осуда ухлаши учун ўзи ҳар доим бедор бўлиши кераклигини ёзади. Бу сўзлар замирида халқ олдидаги улкан масъулият ва ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга интилиш мужассам.
Иқтисодиёт назариясида вақт чекланган ресурс сифатида қаралади. Ундан фойдаланиш самарадорлиги эса муқобил имконият қиймати тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир танлов инсоннинг бошқа бир имкониятдан воз кечишини англатади. Кунига бир соатни мақсадсиз ўтказган талаба тўрт йилда 1400 соатдан ортиқ вақтни бой беради. Бу вақтга битта хорижий тилни ўрганиш ёки бир неча илмий мақола ёзиш мумкин эди.
Муваффақиятсизлик – тараққиётнинг якуни эмас
Президентимиз фикрича, ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, йиқилган тақдирда ҳам кучини тўплаб, қайта тура билишдадир.
Ҳар қандай тараққиёт жараёни муайян таваккалчилик, ноаниқлик ва хатолар билан кечади. Бу қонуният тадбиркорлик ва инновацион фаолиятда айниқса яққол намоён бўлади. Кўплаб инновацион ғоялар дастлаб кутилган натижани бермайди. Бироқ муваффақиятсизлик сабабларини таҳлил қилиш, хатолардан хулоса чиқариш ва ёндашувни такомиллаштириш кейинги ютуқлар учун замин яратади.
Имтиҳондан ўтолмаган, ўқишга киролмаган, грант танловидан ўтолмаган ёки илк стартапи иш бермаган талаба учун мактубдаги “Ҳеч қачон енгилдим дема! Тушкунликка тушма! Фақат олға ва яна олға юр!” деган сўзлар айниқса қадрли.
Ҳалоллик – иқтисодий муносабатларнинг маънавий капитали
Мактубда Президентимиз одамийликни инсоннинг асл зийнати деб таърифлайди. Ушбу қадриятлар нафақат маънавий, балки иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.
Институционал иқтисодиётда ўзаро ишонч жамиятнинг ижтимоий капитали сифатида қаралади. Ишонч даражаси юқори бўлган муҳитда иқтисодий муносабатлар барқарорлашади, битимлар билан боғлиқ харажатлар камаяди, тадбиркорлик ва инвестиция фаоллиги учун қулай шароит вужудга келади. Оддий мисол: инсон ўз жамғармасини банкка фақат унга ишонгандагина топширади.
Айниқса, молия, банк, аудит ва давлат бошқаруви соҳаларида касбий ҳалоллик институционал барқарорликнинг муҳим шартидир. Иқтисодчининг билими қанчалик юксак бўлмасин, агар у ахлоқий масъулият ва ҳалоллик билан уйғунлашмаса, жамият учун кутилган самарани бермайди.
Университет – келажак олдидаги масъулият маскани
Мазкур мактуб олий таълим муассасалари олдига қатор стратегик вазифаларни қўяди. Аввало, таълим ва тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, талабаларда касбий билим билан бир қаторда фуқаролик масъулиятини шакллантириш. Иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва амалий лойиҳаларга кенг жалб этиш.
Хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш компетенцияларини таълим жараёнига чуқур интеграция қилишдир.
Шу билан бирга, мустақил фикрлаш, вақтни бошқариш, тадбиркорлик ва инновацион ташаббусларни рағбатлантирувчи академик муҳитни ривожлантириш ҳамда бўлажак мутахассисларда касбий этика, ҳалоллик ва ижтимоий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш.
Шу маънода Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси учун мазкур вазифалар замонавий иқтисодчи кадрларни тайёрлашнинг устувор йўналишларидир.
Бир мактубда мужассам келажак фалсафаси
Президентимизнинг Иорданияга ташрифи давомидаги ушбу мактубнинг энг катта маънавий қиммати шундаки, унда давлат раҳбарининг стратегик тафаккури ва бобонинг самимий меҳри, тарихий хотира ва келажакка ишонч, миллий қадриятлар ва замонавий тараққиёт ғоялари уйғунлашган.
Мактуб сўнгидаги “Илоҳим, камолингни, иқболингни кўриб юрайлик!” деган дуо ҳар бир ота-она, устоз ва мураббийнинг қалб тилаги билан ҳамоҳангдир. Зеро, фарзандлар камолоти – миллат камолоти, авлодлар иқболи эса Ватан истиқболидир.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори.
ЎзА