Аммондаги ҳунарманд аёлларнинг қўл меҳнати намуналари Ўзбекистон Биринчи хоними эътиборида
Мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иорданияда бўлиб ўтган давлат ташрифи доирасида Иордания Қироличаси Рания ал-Абдуллоҳ билан биргаликда Аммон шаҳридаги Jordan River Designs ҳунармандчилик шоурумида ҳам бўлди.
Jordan River Foundation жамғармаси ҳузурида фаолият юритувчи ушбу шоурумда ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳунарманд аёллар тайёрлаган қўл меҳнати маҳсулотлари намойиш этилган. Лойиҳа ўзида миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш билан бирга аёлларнинг барқарор бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг оилалари фаровонлигини оширишни мужассам этади.

Jordan River Designs дастури доирасида ҳар йили 800 нафардан ортиқ маҳаллий ҳунарманд аёл иш билан таъминланади. Улар Иорданиянинг бой маданий меросини акс эттирувчи анъанавий ва замонавий маҳсулотлар, шу жумладан, каштачилик билан безатилган интерьер буюмлари, гиламлар, мода аксессуарлари ва эсдалик совғаларини тайёрлайди.

Ташриф давомида Зироат Мирзиёева бундай ёндашув камбағалликни қисқартириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда маҳорат сирларини ёш авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
ЎзА