Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий давлат университети “Математика-информатика” факультети томонидан “Навқирон Навоий шаҳрида Алишер Навоийни ёд этиб” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф қилган эди.

Алишер Навоий номини эъзозлаш ва унинг меросини авлодларга етказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар шоир асарларида илгари сурилган умуминсоний ғоялар ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.


Тадбирда талабалар томонидан шоир асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилиб, ғазалларидан намуналар ўқилди.
***
Кармана тумани Халқ қабулхонасида туман ҳокими Валижон Адизов, туман Халқ қабулхонаси мудири Феруз Жўраев, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли корхона, ташкилот раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.

Унда фуқароларнинг иш билан таъминлаш, моддий ёрдам ажратиш, соғлиғини тиклаш, ички йўлларни таъмирлаш каби ўнлаб масалалардаги мурожаатлари тингланди.
Қабул давомида 10 га яқин мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, ўрганиш ва вақт талаб қиладиган 15 га яқин мурожаат назоратга олинди, қолганларига эса ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Шунингдек, тадбирда туман ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи назорати остидаги ёшларнинг ҳам муаммолари ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишлилиги бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
***
Нурота туман ҳокимлиги ҳамда “Ўзмиллийбанк” Навоий вилояти бош бошқармаси томонидан “Лойиҳалар ярмаркаси” ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган йиғилишда банклар томонидан маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган эди.


Берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда мутахассислар томонидан тадбиркорликка доир қонунчилигимизга киритилган ўзгартириш ва янгиликлар, имтиёз ва қулайликлар, тадбиркорлик қилиш ниятида бўлган фуқароларнинг бизнес кўникмасини шакллантириш, банклар томонидан таклиф қилинаётган лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, яратиладиган иш ўринлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири