Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги академик лицейида мазкур таълим муассасаси ўқувчилари ўртасида Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан “Конституция – бахтимиз пойдевори!” мавзусида кўрик-танлов ташкил этилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Конституциямизда инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланишининг янада мустаҳкамланиши, таълим соҳаси ривожига хизмат қилувчи ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда уларнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.


Қизғин баҳс-мунозаралар остида ўтган танлов якунида ғолибларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар ва дипломлар топширилди.
***
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан Конституциямиз қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия Навоий вилояти бошқармасида “Очиқ эшиклар” куни доирасида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.

Ички ишлар, Миллий гвардия, Қўриқлаш, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ИИВ Навоий академик лицейи ва умумтаълим мактабларидан 300 нафардан зиёд ўқувчи иштирок этди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар, янги лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.
***
Навоий давлат университети Математика-информатика факультети профессор-ўқитувчилари томонидан талабаларнинг билим олиши ва келажакда ўз ўринини топиши учун алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Китобсевар ёшлар” лойиҳаси доирасида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, китоблар ҳадя этилмоқда.

– Сизларга китоблар орқали, маърифат ва маънавиятни яратувчи мукаммал дунёга бўлган муҳаббатимни изҳор қилишни хоҳлайман. Китоб – бу нафақат билим манбаи, балки инсон руҳиятини бойитиш ва фикрлаш доирасини кенгайтириш воситасидир. Ҳар бир китоб, унинг ҳар бир саҳифаси бизга янги дунё, янги кашфиётлар йўлини кўрсатади. Китоб сизларнинг маърифатингиз ва илҳомингизнинг манбаи бўлиб қолсин, – дейди факультет декани Азамат Норбеков.
А.Бўриев, ЎзА