Навоий вилояти ва Беларусь Республикаси ўртасида ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги расмий делегация Беларусь Республикасида бўлиб турибди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко билан ўтказилган учрашувда ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар саноат, инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш зарурлигини таъкидладилар.

Учрашувда “БЕЛАЗ” ОАЖ билан саноат кооперациясини ривожлантириш, карьер техникаси учун йирик габаритли металл конструкциялар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, Минск трактор заводи техникаси учун минтақавий сервис базасини ташкил этиш таклифлари билдирилди.

Мулоқотлар жараёнида Молодечно туманидаги замонавий чорвачилик мажмуалари тажрибасини ўрганиш, наслчилик, ветеринария, озуқа базаси ва юқори маҳсулдор чорва комплексларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, Навоий ва Минск вилоятлари ўртасида инвестициявий ва саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олдилар.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Гомель шаҳрида бўлиб, вилоят ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко билан учрашди.

Вилоят ахборот хизматининг хабарига кўра, мулоқот чоғида икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва савдо айланмасини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Навоий вилояти томонидан 5 та устувор йўналиш – чорвачилик мажмуаларини ижарага олиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Гомель шаҳрида “Навоий савдо уйи”ни очиш, “Гомсельмаш” техникалари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, Гомель корхоналари учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда тиббиёт соҳасида тажриба алмашишни назарда тутувчи таклифлар илгари сурилди.
Гомель вилояти ижроия қўмитасида ўтказилган “12X12” шаклида кенгайтирилган расмий музокараларда Навоий вилоятидан 12 нафар масъул раҳбар ҳамда Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси ва соҳавий ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва йирик корхоналар раҳбарларидан иборат 12 нафар вакил иштирок этди.

Учрашувда асосий эътибор олий даражада эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш ва икки ҳудуднинг аниқ тармоқлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилди.
Учрашув якунида икки вилоятнинг соҳавий раҳбарларига белгиланган барча йўналишлар бўйича масъулларни бириктирган ҳолда аниқ муддатларга эга қўшма “Йўл харитаси”ни шакллантириш топширилди.
Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов ҳамда икки ҳудуд ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этган ушбу учрашувда иқтисодий, саноат ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи муҳим битимларга эришилди.

Жумладан, “Гомсельмаш” техникалари учун 20 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмларни Навоийда ишлаб чиқариш ҳамда Гомель шаҳрида Навоийнинг 860 турдаги маҳсулотлари жойлаштириладиган “Навоий савдо уйи”ни ташкил этиш бўйича битимлар тузилди. Беларусь технологиялари асосида йирик ҳамда майда шохли молларни етиштириш, чорвачилик мажмуаларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтиришга келишиб олинди. Кардиология, онкология ва трансплантология бўйича тажриба алмашиш, 20 нафар навоийлик шифокорнинг Беларусда малака ошириши, шунингдек, Гомель тиббиёт университети ва Навоий давлат университети ҳамда икки вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Навоийдаги коллежларда Гомель корхоналари стандартлари бўйича мутахассислар тайёрлаб, уларни манзилли иш билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.

Имзоланган ушбу стратегик ҳужжатлар Навоий ва Гомель вилоятлари ўртасидаги шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, икки ҳудуд иқтисодиёти ҳамда аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири