Бандихонда 3 минг гектар ерни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди
Сурхондарё вилоятида мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами олдидан халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги учун хизмат қиладиган ижтимоий-иқтисодий соҳа иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда.
Бандихон туманидаги Лимонзор маҳалласида ишга туширилган янги сув насос станцияси ҳудуддаги уч минг гектардан ортиқ яйлов ерни қайта ўзлаштириб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилади.

Қиймати 29,5 миллиард сўмлик лойиҳани барпо этиш учун “Шерабод” машина магистрал каналидан бир кўтармали иккита насос ёрдамида янгидан 6,8 километр узунликда секундига 1,5 метр-куб сиғимли канал ва беш километр узунликда секундига 0,3 метр-куб сиғимли ички суғориш тармоғи бунёд этилди. 2,3 километр масофага Д1200 миллиметр босимли қувур тортилди.

Мутахассисларнинг айтишича, янги лойиҳанинг ишга туширилгани маҳаллада 1 минг 500 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари паваришлаш ва йилига 3 миллион доллар қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилиш учун қулай имконият яратди.

Мегалойиҳанинг тантанали очилиш маросими якунида иштирокчилар истиқлол шарофати билан бунёд этилган иншоот ва унинг ҳудудни ривожлантиришдаги аҳамияти билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматраимов,
ЎзА мухбири