Давлат молиясини бошқаришда рақамлаштириш ва натижадорликка эътибор кучайтирилмоқда
Бугун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказида “Ўзбекистон Республикасида давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш: ислоҳотлар, инновациялар ва барқарор ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Вазирлик, Ўқув маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, тадқиқотчилар, докторантлар ҳамда магистрлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман, БМТ Тараққиёт Дастурининг Истанбулдаги минтақавий маркази Тараққиёт учун давлат молияси дастури раҳбари Виктория Млинарчикова ва бошқалар давлат молиясини бошқариш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Анжуманда Ўзбекистонда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик Давлат бюджети сиёсати департаменти бошлиғи ўринбосари Шоҳрух Ишонқуловнинг таъкидлашича, ислоҳотлар бюджет маблағларидан самарали ва натижадор фойдаланиш, фуқаролар учун қулайликлар яратиш ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган.
– Мазкур ислоҳотлар ўрта муддатли режалаштириш, фискал интизом, бюджет қамрови, давлат молияси статистикаси, фуқаролар иштирокини таъминлаш ва бюджет харажатлари натижадорлигини баҳолаш каби ўзаро боғлиқ йўналишларни қамраб олади. 2019 йилдан бюджетни ўрта муддатли режалаштиришга ўтказиш, “Очиқ бюджет” портали ишга туширилиши, фискал қоидалар жорий этилиши, бюджет қамровининг кенгайтирилиши, консолидациялашган бюджет тизимига ўтилиши ҳамда ички аудит ва давлат молияси статистикасини халқаро стандартлар асосида юритиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди.
Бу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2025-2030 йилларга мўлжалланган янгиланган стратегия қабул қилиниб, тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган вазифалар белгиланди. Шунингдек, 2021 йилдан дастурий бюджетлаштиришни жорий этиш бошланиб, кейинчалик унинг қамрови кенгайтирилди ва рақамлаштирилди. Хусусан, UzASBO тизими орқали бюджет ташкилотлари ҳисоботларини шакллантириш ва “Очиқ бюджет” порталида автоматик эълон қилиш имконияти яратилди. 2025 йилдан барча молиялаштириш манбалари ва харажатларни қамраб олувчи бюджет дастурларини шакллантириш бўйича пилот лойиҳалар бошланди. 2026 йилда бу амалиёт саккизта вазирликни қамраб олди ва тизимни 2030 йилга қадар тўлиқ жорий этиш режалаштирилган.
Айтиш керакки, барча ислоҳотлар ягона мантиқий занжирга бирлаштирилган бўлиб, уларнинг асосий мақсади бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, харажатлар натижадорлигини ошириш ва давлат молиясини бошқаришда очиқлик ҳамда рақамли механизмларни кенгайтиришдан иборат, – деди Ш.Ишонқулов.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Истанбулдаги минтақавий маркази Тараққиёт учун давлат молияси дастури раҳбари Виктория Млинарчикова Словакиянинг давлат молиясини ислоҳ қилиш борасидаги тажрибаси ва Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги устувор йўналишлар ҳақида фикр билдирди.
– Словакия давлат молиясини бошқариш соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди. Бугун биз ушбу тажрибани ҳамкорларимиз билан баҳам кўриш баробарида, уларнинг тажрибасини ҳам ўрганяпмиз. Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида бюджет очиқлиги, Барқарор ривожланиш мақсадлари, яшил иқтисодиёт ва яшил бюджетлаштириш каби муҳим йўналишларга эътибор қаратилмоқда. Мамлакатингизда давлат молиясини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижаларни ижобий баҳолаймиз. Ислоҳотлар изчил давом этиб, тизим янада такомиллашиб боришига ишонамиз, – деди Виктория Млинарчикова.
Конференциянинг кейинги сессияларида эса мазкур ислоҳотларнинг замонавий йўналишлари кенг муҳокама қилинди. Жумладан, давлат молиясини бошқаришда рақамли платформалар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, “яшил” иқтисодиёт ва барқарор молиявий сиёсат, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш, давлат инвестицияларини бошқариш, молиявий хавфларни баҳолаш, бюджет ҳисоби, ички аудит ва ички назорат тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, давлат молиясини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича якуний резолюция лойиҳаси муҳокама қилинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА