Савдо ярмаркалари иш бошлади
Энг улуғ байрамимиз арафасида Сурхондарё вилоятидаги деҳқон бозорларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Ярмаркаларда деҳқон, чорвадор ва боғбонлар етиштирган сифатли, сархил мевалар, сабзавот, полиз, асал, сут, тухум, гўшт каби 50 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бозордагидан арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.

Ҳамёнбоп нархдаги сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига қулайлик яратиб, одамларнинг байрам кайфиятини кўтаришга хизмат қилмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор туманида бўлиб, деҳқон (озиқ-овқат) бозорида мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари расталарини кўздан кечирди. Туман деҳқонлари, чорвадор ва боғбонлари етиштирган, тадбиркорлар ишлаб чиқарган қулай нархлардаги сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан танишди. Сотувчи ва харидорлар билан суҳбатлашди. Маҳсулотларнинг нархи, сифати ва ярмаркада харидорларга яратилган қулайликлар ўрганилди. Мутасаддиларга байрам кунлари учун ярмаркада етарли маҳсулот захирасини шакллантириш, нарх-наво барқарорлигини таьминлаш, аҳоли эҳтиёжини инобатга олиб, кунлик савдони ташкил этиш, санитария қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Вилоятнинг бошқа туман марказларида иш бошлаган ярмаркаларда ҳам арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари харидорларга манзур бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири