Наманганда “Ишбилармон аёл – 2026” танлови ғолиблари аниқланди
Наманган вилоятида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ташкил этилган “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркор хотин-қизлар ўз бизнес лойиҳалари, маҳсулотлари ва эришган ютуқларини намойиш этди.
Партия томонидан 12 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов бу йил “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилди.
Танловга тайёргарлик жараёнида вилоятдаги 754 та маҳаллада фаолият юритаётган 1 минг 563 нафар тадбиркор аёлнинг фаолияти ўрганилди. Август–сентябрь ойларида ўтказилган туман ва шаҳар босқичларида 237 нафар иштирокчи ўз салоҳиятини намоён этди. Саралаш натижаларига кўра, 14 нафар энг муносиб номзод ҳудудий босқичга йўлланма олди.
Давлатобод туманидаги вилоят Маданият марказида ўтказилган якуний тадбирда партия масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳокимлик вакиллари, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг бизнес лойиҳалари самарадорлиги, яратган иш ўринлари, инновацион ёндашувлари ва жамият ҳаётига қўшаётган ҳиссасини баҳолади.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин таълим соҳасида қатор нодавлат таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор Шаҳноза Ғаниевага насиб этди. Иккинчи ўринни ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган “Меҳрли Нурлар” кундузги парвариш маркази раҳбари Ирода Анварбекова эгаллади. Учинчи ўринга дизайн академияси асосчиси Назан Тунжай сазовор бўлди.
[gallery-32464]
Мазкур танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, истиқболли бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илғор тадбиркорлик намуналарини оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА