Ёшлар тарбиясида янги ёндашувлар белгиланди
Бугун ёшлар тарбияси фақат таълим муассасаси ёки оиланинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. Ахборот хуружлари, интернетдаги турли таҳдидлар, зарарли иллатлар ва миллий қадриятларга бефарқлик кучайиши мумкин бўлган бир шароитда ёш авлоднинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни соғлом дунёқараш ва мустақил фикрлаш руҳида тарбиялаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ана шу вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, маънавий-маърифий ишлар сифатини ошириш, масъул ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда миллий қадриятлар тарғиботини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат марказида семинар ташкил этилди.
Вилоят Таълим ва илм-фан бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Педагогик маҳорат маркази ҳамда «Ўзкомназорат» инспекцияси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда таълим муассасаларида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Хусусан, «Синф раҳбарлар мактаби» фаолиятини такомиллаштириш, «Янги оила» концепциясини амалга ошириш, киберхавфсизликни таъминлаш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатларига қарши курашиш, мактабларда кийиниш маданияти ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, ёшларни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш фақат тақиқ ва огоҳлантиришлар билан чекланмаслиги керак. Бунинг учун уларда тўғри дунёқараш, ҳаётий мақсад, миллий ўзликни англаш ва зарарли ахборотни тўғри баҳолай олиш кўникмаларини шакллантириш муҳимдир.
[gallery-32459]
— Бугун ёшлар тарбиясига фақат таълим-тарбия жараёни доирасида қараб бўлмайди. Бу жараёнда оила, маҳалла, таълим муассасалари ва тегишли идораларнинг ҳамжиҳатлиги ниҳоятда муҳим. Чунки ёшлар дуч келаётган турли таҳдид ва муаммоларга қарши курашиш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат, юксак маънавият ва соғлом дунёқарашни шакллантириш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир. Бугунги семинар ҳам шу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни биргаликда таҳлил қилиш ва амалий ечимларни белгилашга хизмат қилади, — дейди вилоят Таълим ва илм-фан бошқармаси бўлим бошлиғи Хилола Назарбекова.
Семинарда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда замонавий технологиялардан фойдаланиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, мактабларда маънавий-маърифий ишлар сифатини ошириш ва масъул ходимлар фаолиятини рақамлаштиришга хизмат қилувчи E-MANAVIYAT.UZ платформасининг имкониятлари тақдим этилди. Ундан фойдаланиш тартиби ва амалий аҳамияти юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбир давомида масъул ташкилотлар вакилларининг ахборотлари тингланиб, ҳар бир йўналишда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга тизимли ёндашиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Семинарнинг яна бир эътиборли жиҳати — миллий қадриятлар тарғиботи ва ёшлар маънавий тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган фаолларнинг эътироф этилгани бўлди. Тадбир доирасида соҳа вакиллари ҳамда «Кўмак гуруҳи» аъзолари вилоят Таълим ва илм-фан бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбаева номидан ташаккурномалар билан тақдирланишди.
Жумладан, республика миқёсида ўтказилган «Миллий қадриятлар тарғиботчиси» танловида муносиб иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритган Гулистон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Феруза Байдавлатованинг фаолияти алоҳида эътироф этилди. Унга ҳам намунали меҳнати, ташаббускорлиги ва миллий қадриятлар тарғиботига қўшаётган ҳиссаси учун ташаккурнома топширилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА