Қибрайда мажбурий ижро соҳасидаги ишлар сарҳисоб қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қибрай тумани бўлими томонидан жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Анжуманда Бюронинг туман бўлими бошлиғи Раҳматилла Азимов ҳисобот бериб, ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш, қарздорликларни ундириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда соҳада рақамли технологияларни жорий этиш борасидаги натижаларга тўхталди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг тўққиз ойида бўлим иш юритувидаги 22 минг 22 та ижро ҳужжати бўйича 729 миллиард 991 миллион сўмлик ундирув ишлари амалга оширилди. Шундан давлат фойдасига оид 5 минг 833 та ижро ҳужжати бўйича 245 миллиард 67 миллион сўм ундирилди.
Бу кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумий ундирувлар бўйича 104,4 миллиард, давлат фойдасига ундирилган маблағлар бўйича эса 86,3 миллиард сўмга ошган.
Коммунал хизматлар учун қарздорликларни ундириш йўналишида ҳам муайян натижаларга эришилди. Хусусан, табиий газ таъминоти корхоналари фойдасига 5,4 миллиард, электр энергияси учун 2,2 миллиард, ичимлик суви таъминоти ташкилотларига 1,4 миллиард сўм ҳамда бошқарув сервис компаниялари фойдасига 222 миллион сўм ундирилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган жамғармаларга 47,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 миллиард сўмга кўпдир.
Алимент ундирувлари борасида ҳам амалий ишлар олиб борилди. Ҳисобот даврида вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун 26,7 миллиард сўм алимент маблағлари ундирилди. Алимент тўлашдан бўйин товлаган 162 нафар қарздорга нисбатан судлар томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Беш нафар шахсга нисбатан эса Жиноят кодексининг 122-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.
Бюронинг бевосита кўмагида 122 нафар алимент тўловчи иш билан таъминланди. Оилавий низоларнинг олдини олиш ва тарафларни яраштиришга қаратилган профилактик тадбирлар натижасида 414 та оила яраштирилди.
Анжуманда солиқ органлари фойдасига 76,3 миллиард сўмлик, давлат божи бўйича 25,3 миллиард сўмлик ҳамда маъмурий жарималар юзасидан 2,9 миллиард сўмлик ижро ҳужжатлари тамомлангани ҳам маълум қилинди.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг тўққиз ойида бўлимга 811 та мурожаат келиб тушган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 166 тага камдир. Жумладан, алимент масалалари бўйича мурожаатлар сони 483 тадан 412 тага камайган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 764 таси қаноатлантирилган, 47 таси юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.
Бюро фаолиятида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўлами ҳам кенгаймоқда. Жумладан, ижро ҳужжатлари бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни таъминловчи “МИБ-Портал”, соддалаштирилган ижро ишларини юритишга мўлжалланган “Lite-execute”, алимент тўловларини назорат қилувчи “E-aliment” тизимларидан фойдаланилмоқда.
[gallery-32463]
Шунингдек, давлат ижрочилари учун “mib.ijrochi” планшет дастури, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида “MIB.UZ” мобиль иловаси йўлга қўйилган. Қарздорликлар ҳақида SMS-хабарлар ва телефон қўнғироқлари орқали автоматик огоҳлантириш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда.
Матбуот анжумани якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоб олди. Шунингдек, ижро ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш, алимент қарздорлигини камайтириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Камола ЮСУПОВА, ЎзА