Сунъий интеллект имкониятлари билан танишишди
Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида муддатли ҳарбий хизматчиларга замонавий таълим технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларини таништиришга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди. Унда «USTOZ-AI» платформаси орқали мустақил билим олиш, янги кўникмаларни эгаллаш ва интеллектуал салоҳиятни ошириш имкониятлари намойиш этилди.
Мазкур тадбир Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимот давомида ҳарбий хизматчиларга платформанинг асосий функциялари, ундан фойдаланиш тартиби ва таълим жараёнида сунъий интеллект технологияларининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мустақил таълим олиш, ўз устида ишлаш, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш имкониятлари амалий мисоллар орқали тушунтирилди.

— Бугунги кунда замонавий билим ва рақамли технологияларни пухта эгаллаш ёшларнинг келажакдаги муваффақияти учун муҳим омиллардан биридир. Ҳарбий хизмат даврида ҳам билим олиш, ўз устида ишлаш ва интеллектуал салоҳиятни ошириш учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур. «USTOZ-AI» каби платформалар ёшларнинг мустақил таълим олишига кўмаклашиб, уларнинг дунёқараши ва билим доирасини кенгайтиришга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳарбий бўлими бошлиғи Фурқатжон Азимов.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди, платформадан амалий фойдаланиш юзасидан тавсиялар тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири