Наманганда диний идора янги бинога эга бўлди
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, мазкур йўналишда зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманганда мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназаров, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов вакиллик ходимлари ва ҳудуддаги диний муассасалар вакилларини янги бино билан муборакбод этиб, бундай замонавий шароитлар энг аввало, соҳага қаратаётган алоҳида ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси эканлигини таъкидлади.


Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб қўллаб-қувватланиб, вакилликларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, мамлакатимизда жорий йилги Ҳаж мавсумида 100 нафар ҳамюртимиз “Президент ҳожиси” сифатида муборак сафарга юборилгани алоҳида эътироф этилди.

Наманган вилоятида сўнгги йилларда имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги иш фаолияти изчил олиб борилаётгани эътиборга молик. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят имом-хатиблари томонидан 40 мингта маърифий тадбир, оммавий ахборот воситалари орқали тўққиз мингта чиқиш қилинди. Қабулларда 5 минг 500 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилди, 5 минг 300 га яқин мигрантлар оилалари билан мулоқот қилинди. Эҳтиёжманд оилаларга 5 миллиард сўм, таълим муассасаларига эса 800 миллион сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Келгусида ҳам соҳа ходимлари рағбатлантирилади. Имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва хорижда касб-маҳоратини юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилади.
Қолаверса, имомларимиз ўзини ўзи бошқариш идораларида истиқлол айёми арафасида ўтказилаётган "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида жонбозлик кўрсатишмоқда.

Тадбир якунида вакиллик фаолиятига муносиб ҳисса қўшган фаоллар тақдирланиб, Ўзбекистон Мусулмонлари вилоят вакиллигига хизмат автомобили топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА