Хоразмдаги маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланди
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида Президентнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2026 йилда Республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятида Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штабининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган тарзда ўтказилган мазкур тадбирда Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штаби ва ишчи гуруҳи аъзолари, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Миллий гвардия, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари масъуллари, ҳуқуқ-тартибот органлари, таълим ва илмий ташкилотлар, Бош прокуратуранинг тегишли бошқармалари масъул ходимлари, Хоразм вилояти идоралараро мувофиқлаштириш штаби ва ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда тасдиқланган йўл хариталари ижроси ҳамда ҳисобот кўрсаткичларининг ҳаққонийлигини ўрганиш юзасидан масъулларга бир қатор топшириқлар берилди. Шунингдек, вилоят маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этиш ва жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи штабининг Хоразм вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири