Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижроси қандай бажарилмоқда?
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан “Юксалиш” ҳаракати билан ҳамкорликда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижроси ва ипотека кредитлари ажратилиши ҳолатига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, банк раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этган тадбирда давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, соҳада ечимини кутаётган тизимли муаммолар ва аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар атрофлича муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда уй-жой қурилиши ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Хусусан, ўтган 2025 йилда республика бўйича 15,9 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган.
2040 йилга қадар йиллик уй-жой қурилиши ҳажмини 280 минг хонадонга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача уй-жой майдонини эса 23 квадрат метрга етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
[gallery-30754]
Уй-жой қурилиши ва ипотека тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, мазкур соҳани янада такомиллаштириш ва янгича ёндашув механизмларини ишлаб чиқиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Жумладан, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2025 йилда уй-жой билан боғлиқ масалалар бўйича 41 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган. Бунда мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой қуриш ва уй-жой билан таъминлаш масалаларига оид бўлган.
Йиғилишда ипотека кредитларини узоқ муддатга ажратишни рағбатлантириш, кредитларнинг максимал миқдорини бозор нархларидан келиб чиқиб белгилаш, мажбурий суғурта, мулкни баҳолаш ва нотариал тўловларни камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур йиғилиш давлат органлари, тижорат банклари, қурилиш соҳаси вакиллари, экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда жамоатчилик ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилиб, соҳадаги тизимли муаммолар юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқиш имконини берди.
Йиғилиш якунида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ипотека кредитлаш тизимини янада соддалаштириш ва маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш бўйича масъул вазирлик ва тижорат банкларига тегишли тавсиялар берилди.
Мазкур масала Сенат қўмитасининг доимий назоратида қолиши таъкидланди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА