“Муштум”нинг янги сони нашрдан чиқди
“Муштум” ҳажвий, танқидий журнал. Унинг навбатдаги – янги сони Туркистон жадидлари йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойна” журнали, 1914 йил 41-сонида эълон қилинган “Муҳтарам ёшларга мурожаат”и билан бошланади.
Мурожаатга юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, худди бугунги кун ёшларига хитобдек янграйди:
“Муҳтарам биродарлар! Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб – тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидир. Ҳар миллат аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса, дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас. “Муборизайи ҳаёт” майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур, барча ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора-бора миллият ва диёнатини ҳам қўлдан берур. Ана ушбу йўллар ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар”...
Бу, бир асрдан зиёд даврким қулоқларимиз остида янграб турадиган огоҳлик қўнғироғи – боболар даъватидур.
Журналда эълон қилинган “Сувтекин” даври тугади, сувнинг қадрига етайлик!”, “Глобал муаммонинг аянчли муҳри”, “Молхона “граждан”лари”, “Муаллим маҳорати”, “Раҳмат ўрнига туҳмат”, “Машҳур актёрнинг умр имтиҳоси” каби мақолаларда бугунги ҳаёт, инсон тақдири, қисмати акс этган. Сирдарёлик Ҳасан Абдувоҳидовнинг “Суперхуррак” ҳажвияси, Муаззам Иброҳимованинг “Печканинг пилдироғи” воқеий-ҳангомаси, Шерзод Исоқуловнинг “Ажойиб саргузаштлар учун поликлиникадан “йўлланма” танқидий мақоласи, Рахшона Аҳмедованинг “Телба-тескари” ҳикояси, устоз Абдусаид Кўчимовнинг “Бир ниҳол экдингми Ватан боғига” номли туркум шеърлари – ҳамма-ҳаммасида гоҳ ҳажв, гоҳ киноя, гоҳ оддий инсоний имо-ишораларга йўғрилган ҳаёт ҳақиқатларини кўрасиз.
Абдусаид Кўчимовнинг “Жавоб” шеъри фикримизга ёрқин далилдир:
Бир ниҳол экдингми Ватан боғига,
Меҳрингни тўкдингми чўл янтоғига,
Гулларга чанг-ғубор қўнган чоғида
Арта билолдингми чанг-у ғуборни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Битта ғишт қўйдингми майдонларига,
Бир васса ўйдингми айвонларига,
Бир мисра қўшдингми достонларига,
Кураб ташладингми томлардан қорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Кимдир узиб кетса дилбар гулларни,
Кимдир бузиб кетса сарвар йўлларни,
Кимдир эзиб кетса музтар дилларни,
Дуосин олдингми меҳрга зорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?..
“Муштум”нинг янги сонини топиб, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев,ЎзА