Осиё тараққиёт банки вакиллари Қорақалпоғистонда
Жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда "Қорақалпоғистон Республикасида Осиё тараққиёт банки кунлари” медиа-миссияси ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий 4 май куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишининг очилиш маросимидаги нутқида 2030 йилга қадар барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш, даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинганини қайд этган эди. Давлатимиз раҳбари амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этди. ОТБ билан амалга оширилган ва жорий қўшма лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси учун алоҳида қабул қилинган 10-сонли фармонида Осиё тараққиёт банки билан “иқтисодий ўсиш йўлаги” муносабати асосида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича меморандумни имзолаш вазифаси белгиланган. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари “Қорақалпоғистон Республикасида - Осиё тараққиёт банки кунлари” медиа-миссияси ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев банк вакиллари билан учрашди.
Унда Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистонда халқ фаровонлиги йўлида ҳаётга тадбиқ этилаётган янгиланишлар, амалий ишлар, шу билан бирга, Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар халқимизнинг бугунги турмушидан розилигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқаётгани таъкидланди. Ана шундай лойиҳалар қаторида мазкур банк иштирокида юртимизни Европа билан боғловчи А-380 халқаро автомобиль йўлининг 240 километри қисми реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Учрашув давомида яқин шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида ишлар давом эттирилиши алоҳида таъкидланди.

Шу мавзудаги учрашув Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам бўлиб ўтди. Унда бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, бунда Осиё тараққиёт банки иштирокида ҳаётга татбиқ этилаётган йирик лойиҳалар муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
“Қорақалпоғистон Республикасида Осиё тараққиёт банки кунлари” медиа-миссияси доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири