Фарғонада касб, бандлик ва тадбиркорлик ярмаркаси
Фарғона шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Келажак тадбиркори — 2026» касб, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Миллий банки, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган.
Ярмаркада вилоятдаги 10 минг нафардан зиёд ўғил-қиз ва ишсиз фуқаро иштирок этди. Улар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, бўш иш ўринлари ва амалиёт дастурлари билан танишди. Шунингдек, замонавий касбларни эгаллаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда стартап лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари ҳақида маълумот олди.
— Бугунги кунда ёшлар учун нафақат сифатли таълим олиш, балки эгаллаган билимларини амалиётда қўллаш, муносиб иш топиш ва келажакда ўз бизнесини йўлга қўйиш ҳам муҳим. Бундай ярмаркалар иш берувчилар билан мулоқот қилиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ҳақида маълумот олиш ва тадбиркорлик ғояларини ривожлантириш учун кенг имконият яратади, - дейди Фарғона давлат техника университети талабаси Моҳинур Руҳзиева.
[gallery-31956]
«Келажак тадбиркори — 2026» ярмаркаси ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва истиқболли тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА