Болаликни ҳимоя қилиш келажакни ҳимоя қилиш
Янги қонун болаларни зўравонликдан асраш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ва болага озор етказганлар жавобгарлигини кучайтириш йўлида муҳим қадамдир.
Болалик инсон умрининг энг беғубор, энг нозик даври. Бу даврда болага меҳр бериш, уни асраш ва тўғри тарбиялаш нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Зеро, болани ҳимоя қилиш эртанги кунимизни, миллатимизнинг маънавий қиёфасини ва келажагимизни ҳимоя қилиш демакдир.
2026 йил 14 октябрда қабул қилинган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Қонуннинг энг муҳим жиҳати бола ҳуқуқларини қоғозда эмас, амалда ҳимоя қилишга қаратилганидир.
Унга кўра, болаларга нисбатан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Айниқса, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлашда қатъийроқ ёндашув белгиланмоқда. Болани тарбиялаш ва унга таълим бериш масъулиятини зиммасига олган ходимнинг зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилиши эса таълим муассасаларидаги хавфсизлик ва масъулиятни оширишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш имкониятининг белгиланишидир. Бу боланинг ёлғиз эмаслигини, унинг овози эшитилиши ва ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кераклигини англатади. Шунингдек, болага яқин қариндошлари томонидан зўравонлик содир этилган ҳолларда васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг иштирокини таъминлаш ҳамда сўроқ қилиш жараёнида қўшимча кафолатлар яратиш назарда тутилмоқда.
Қонун ота-оналарнинг масъулиятини ҳам кучайтиради. Боланинг асосий эҳтиёжларини қасддан қондирмаслик, унинг соғлиғи ва ривожланишига бепарво қараш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Демак, болани дунёга келтиришнинг ўзи кифоя эмас уни асраш, тарбиялаш, таълим бериши ва муносиб шароит яратиш ҳам ота-оналик бурчидир.
Шу билан бирга, болалар учун зарарли ахборот тарқатганлик, болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу эса бола хавфсизлиги фақат оила ёки мактаб доирасида эмас, балки ахборот муҳити ва жамоатчилик ҳаётида ҳам таъминланиши зарурлигини кўрсатади.
Қонуннинг маънавий аҳамияти шундаки, у жамиятни бефарқликдан масъулиятга, сукутдан ҳимояга, жазолаш билангина чекланишдан эса зўравонликнинг олдини олишга чорлайди.
Албатта, энг яхши ҳимоя зўравонлик содир этилганидан кейин чора кўриш эмас, унинг олдини олишдир. Бунинг учун оилада меҳр ва ишонч муҳитини яратиш, мактабда боланинг шаънини ҳурмат қилиш, ҳар бир мурожаатга бефарқ бўлмаслик ва болага нисбатан зўравонликни «тарбия усули» деб оқламаслик лозим.
Зеро, бола қўрқув билан эмас, меҳр билан улғайиши керак. Унинг кўз ёшига бефарқ қаралган жойда адолат заифлашади, ҳуқуқлари ҳимояланган жойда эса ишонч ва эзгулик мустаҳкамланади.
Янги қонуннинг ҳақиқий самараси унинг моддаларидагина эмас, балки ҳар бир оила, ҳар бир таълим муассасаси ва ҳар бир фуқаронинг муносабатида намоён бўлади.
Болани асраш қонун талаби, виждон амри ва инсонийлик мезонидир. Ҳар бир бола хавфсиз яшашга, меҳр кўришга ва бахтли келажакка ҳақли!
Баҳора АҲМEДОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбар маслаҳатчиси