Молиявий эҳтиёжларни ҳисоблаш ёндашувлари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Жаҳон банки иштирокида болалар ва оилаларга кўрсатиладиган хизматлар қийматини ҳисоблаш методологияси муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда ижтимоий хизматлар сифатини янги даражага олиб чиқиш йўлида тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда. Натижада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳам бир қанча зарур қулайликларга эга бўлмоқда.
Ана шундай ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Жаҳон банкининг “Инсон” лойиҳаси доирасида болалар ва оилаларга йўналтирилган устувор ижтимоий хизматлар қийматини ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқишга бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тегишли таркибий бўлинмалари, АҚШнинг “Mayestral International” компанияси экспертлари, Жаҳон банки, UNICEF, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Ernst & Young” компанияси вакиллари иштирок этди.
Хизматлар қийматини миллий стандартлар асосида ҳисоблаш, уларни кўрсатиш учун зарур меҳнат ва моддий ресурсларни аниқлаш ҳамда мутахассислар иш юкламасини баҳолаш масалалари муҳокама қилиниб, ҳисоб-китобларда ҳудудий фарқлар, инфляция ва бюджет имкониятларини инобатга олиш бўйича халқаро тажриба юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф давомида халқаро экспертлар томонидан устувор ижтимоий хизматлар қийматини ҳисоблаш ва келгуси беш йил учун молиявий эҳтиёжларни прогнозлашга мўлжалланган электрон восита тақдим этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу восита хизматларни молиялаштириш учун зарур маблағларни асосли режалаштиришга кўмаклашиши кўзда тутилмоқда.
Учрашувда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва ижтимоий хизматларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, мазкур йўналишдаги ишлар “Maestral International” экспертларининг 9-13 ноябрь кунларидаги ташрифи доирасида давом эттирилади.
Шербек Исломов,
ЎзА