Мумбай: тарих ва замонавий иқтисодиёт уйғунлашган мегаполис
Мумбайга илк бор келган инсон бу шаҳарни бир қарашда англаб етиши қийин. Бу ерда ўтмиш ва бугун, анъана ва замонавийлик, тарихий бинолар ва осмонўпар иншоотлар бир-бирига туташиб кетган. Кўчалардаги шовқин-сурон, одамларнинг кўчаларни тўлдириб шошиб юриши, автомобиллар оқими, узоқдан эшитилаётган поезд садоси — барчаси бирлашиб, Мумбайнинг ўзига хос руҳини яратади.
Мумбай — иқтисодий ҳаракатга асосланган шаҳар. Бу ерда капитал, инсонлар, ғоялар, товарлар, технологиялар, кўнгилочар индустрия ва халқаро бизнес бир нуқтада жамланиб, Ҳиндистондаги энг жадал ривожланаётган шаҳар иқтисодиётларидан бирини шакллантиради. Жанубий Мумбайдаги молиявий муассасалардан тортиб, савдо ҳудудлари, технология компаниялари, портлар, аэропортлар, ишлаб чиқариш тармоқлари ва ижодий индустрияларга қадар бўлган кенг қамровли иқтисодий фаолият шаҳарнинг мамлакат миллий иқтисодий ўсишининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланганини кўрсатади.
Шаҳар тарихи Ҳиндистоннинг ўзгариш ва тараққиёт жараёни билан чамбарчас боғлиқ. Бир неча ўн йиллар давомида шаҳар йирик савдо ва порт марказидан глобал молиявий ҳамда тижорий марказга айланди. Ҳиндистоннинг ғарбий қисмида жойлашгани денгиз савдосини ривожлантириш учун муҳим замин яратган бўлса, инфратузилманинг кенгайиши ва бизнес институтларининг шаклланиши шаҳарнинг молия, савдо ва саноат маркази сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилди.
Мумбай иқтисодий қиёфасининг марказида молия сектори туради. Шаҳарда Бомбей фонд биржаси (Bombay Stock Exchange), шунингдек, кўплаб банклар, инвестиция муассасалари, суғурта компаниялари, молиявий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва йирик корпорацияларнинг бош қароргоҳлари жойлашган. Мазкур молиявий экотизим инвесторларни бизнес субъектлари билан боғлайди, Ҳиндистон ички иқтисодиётини халқаро капитал билан уйғунлаштиради.
Мумбайнинг иқтисодий қудрати молия ва тадбиркорлик ўртасидаги узвий алоқада намоён бўлади. Шаҳарда йирик ва тажрибали корпорациялар билан бир қаторда стартаплар, тадбиркорлар, оилавий бизнеслар, технология компаниялари ва профессионал хизмат кўрсатувчи фирмалар ҳам фаолият юритади. Бундай хилма-хиллик ғояларни қисқа вақт ичида концепциядан инвестицияга, инвестициядан бизнесга, бизнесдан эса бозорга олиб чиқиш учун қулай муҳит яратади.
Шаҳардаги улкан тижорий фаолият транспорт ва логистика тизими билан ҳам узвий боғланган. Мумбай порти инфратузилмаси, автомобиль йўллари, темирйўл тармоғи ва аэропортлари шаҳарни Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудлари ҳамда халқаро бозорлар билан боғлайди. Ҳар куни миллионлаб инсонлар мегаполис ҳудуди бўйлаб ҳаракатланади, бизнес субъектлари эса товарлар, хизматлар ва ахборотнинг узлуксиз ҳаракатига таянади. Ана шу транспорт ва логистика боғлиқлиги Мумбай иқтисодий салоҳиятининг асосий пойдеворларидан биридир.
Мумбайнинг денгиз билан алоқаси шаҳар қиёфасида ҳамон марказий ўрин тутади. Араб денгизи соҳилида жойлашгани йиллар давомида денгиз савдосини ривожлантиришга хизмат қилди ва шаҳарнинг халқаро савдо учун муҳим дарвоза сифатида шаклланишига замин яратди.
Шаҳар, шунингдек, Ҳиндистоннинг энг муҳим корпоратив марказларидан бири саналади. Йирик ҳинд компаниялари ўз бош қароргоҳлари ёки асосий фаолиятини Мумбайда жойлаштирган. Бу ерда корпоратив хизматлар, молия, консалтинг, ҳуқуқ, реклама, технология ва коммуникациялар соҳаларида фаолият юритувчи кенг тармоқ шаклланган. Бундай концентрация Мумбайни бизнес қарорлари қабул қилиш ва инвестиция фаолияти учун муҳим марказга айлантирган.
Технологиялар Мумбай иқтисодиётидаги ўзгаришларга яна бир янги йўналиш қўшди. Рақамли бизнеслар, финтех компаниялари, технологик хизматлар ва стартаплар шаҳарнинг анъанавий молиявий ҳамда тижорий экотизимига тобора чуқурроқ интеграциялашмоқда. Молия ва технология соҳалари ўртасидаги алоқалар кучайиб, янги бизнес моделлари пайдо бўлмоқда ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда.
Мумбайнинг тадбиркорлик муҳити ҳам унинг иқтисодий салоҳиятида муҳим ўрин тутади. Шаҳар имконият излаб Ҳиндистоннинг турли ҳудудларидан келаётган инсонларни ўзига жалб қилади. Тадбиркорлар чакана савдо, ишлаб чиқариш, молия, технология, меҳмондўстлик, кўнгилочар индустрия, умумий овқатланиш, логистика ва профессионал хизматлар каби турли соҳаларда ўз бизнесларини йўлга қўймоқда. Инсон капитали ва истеъдодларнинг доимий ҳаракати Мумбайнинг орзу ва интилишларни тадбиркорликка айлантириш мумкин бўлган шаҳар сифатидаги нуфузини мустаҳкамламоқда.
Замонавий шаҳар бошқаруви маркази
BRICS саммитини ёритиш учун Ҳиндистонга келган журналистларнинг Мумбайга ташрифи алоҳида қизиқарли кечмоқда. Кеча журналистлар билан биргаликда шаҳарнинг тарихий-маъмурий марказларидан бири — Бриханмумбай муниципал корпорацияси (Brihanmumbai Municipal Corporation — BMC) қароргоҳига ташриф буюрдик.
Бинони илк бор кўрганингизда унинг маҳобати эътиборингизни тортади. Баланд минораси, тошдан ишланган безаклари, аркали ойна ва эшиклари, готика меъморчилигига хос вертикал чизиқлари билан у гўё Мумбайнинг бир асрдан ортиқ тарихини бугунги кунга етказиб тургандай таассурот уйғотади. Аммо бу ернинг энг қизиқ жиҳати — тарихий бино ҳали ҳам ўз вазифасини бажараётганида.
Бу ерда бугун ҳам Мумбайнинг миллионлаб аҳолиси ҳаётига дахлдор қарорлар қабул қилинади. Бриханмумбай муниципал корпорацияси Мумбай шаҳар фуқаролик бошқарувининг асосий органи ҳисобланади.
Муниципал корпорациянинг бугунги вазифалари ниҳоятда кенг. Сув таъминоти, канализация ва оқова сув тизими, йўллар, кўприклар, дренаж тармоқлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, соғлиқни сақлаш, бошланғич таълим, бозорлар, атроф-муҳит ва бошқа кўплаб шаҳар хизматлари унинг зиммасида. Демак, биз кириб келган тарихий бино деворлари ортида Мумбайнинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ энг муҳим масалалар ҳал этилади.
Шаҳар аҳолиси ва инфратузилмаси миқёси уни бошқаришни жуда мураккаб вазифага айлантиради. Шу боис BMC фаолиятини тушуниш — аслида Мумбай қандай яшашини тушуниш демак.
BMC’нинг бугунги қароргоҳи биноси XIX аср охирида Мумбай тез суръатлар билан ривожланаётган даврда барпо этилган. Тарихий маълумотларга кўра, бино пойдевори 1884 йил 9 декабрда қўйилган. Лойиҳани машҳур британ меъмори Фредерик Уильям Стивенс ишлаб чиққан. Қурилиш ишлари 1893 йилда якунланган.
Бино меъморчилигида Виктория даврига хос готика услуби билан Ҳиндистоннинг маҳаллий меъморий анъаналари уйғунлашган. Шу жиҳати билан у Мумбайнинг мустамлака даври архитектураси шаклланган муҳим даврни акс эттиради. Бинонинг энг кўзга ташланадиган қисми — баланд минораси. Унинг баландлиги қарийб 78 метрни ташкил этади. Узоқдан қараганда ҳам Мумбай шаҳар манзарасида бу иншоотни таниб олиш мумкин.
BMC биносининг рўпарасида яна бир машҳур тарихий иншоот — Чхатрапати Шиважи Маҳараж терминали жойлашган. Уни ҳам Фредерик Уильям Стивенс лойиҳалаштирган. Бугун мазкур вокзал ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шунинг учун BMC қароргоҳи жойлашган ҳудудни Мумбайнинг ўзига хос тарихий меъморий юраги, деб аташ мумкин.
Тарихий деворлар ортидаги замонавий вазифалар
BMC’нинг тарихийлиги унинг бугунги аҳамиятини камайтирмайди. Аксинча, шаҳар ривожлангани сайин муниципал корпорация зиммасидаги вазифалар ҳам кенгайиб бормоқда. Мумбайда муссон мавсуми алоҳида аҳамиятга эга. Кучли ёғингарчиликлар пайтида сув тошқинларининг олдини олиш, дренаж тизимларини сақлаш, шаҳар йўлларини назорат қилиш каби вазифалар шаҳар бошқарувининг муҳим йўналишларидан саналади.
Бундан ташқари, ичимлик суви таъминоти, чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш, санитария, жамоат саломатлиги, таълим ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишлар ҳам BMC фаолиятининг ажралмас қисми. Яъни, биз ташриф буюрган бу тарихий бино орқали миллионлаб инсонларнинг кундалик ҳаётига таъсир қилувчи шаҳар инфратузилмаси бошқарилади.
BMC’га ташриф давомида журналистлар шаҳар ҳаёти хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган Disaster Management Department — Фавқулодда вазиятларни бошқариш департаменти фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Мазкур департаментда журналистлар иштирокида учрашув ва мулоқот ташкил этилди. Унда мутахассислар Мумбайда табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларга тайёргарлик кўриш ва содир бўлган ҳолатларда тезкор чора кўриш тизими ҳақида маълумот берди.
Муниципал корпорация Мумбайдаги офатларни бошқаришнинг асосий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади. Журналистларга тақдимот жараёнида фавқулодда вазиятларда турли хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик, тезкор ахборот алмашинуви, аҳолига хабар бериш ва қутқарув ишларини мувофиқлаштириш механизмлари юзасидан маълумот берилди.
Мумбайнинг маҳобатли тарихий бинолари, гавжум кўчалари, улкан иқтисодий салоҳияти ва замонавий инфратузилмаси бир бутун манзарани ҳосил қилади.
Зеро, катта давлатнинг салоҳиятини англаш учун унинг пойтахти ёки расмий минбарларини кўришнинг ўзи кифоя эмас. Баъзан унинг ҳақиқий қиёфасини шаҳар кўчаларида, тарихий биноларида ва миллионлаб инсонларнинг кундалик ҳаётини таъминлаб турган тизимларда кўриш мумкин.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА мухбири
Мумбай, Ҳиндистон