Муаммоларни бартараф этишни орқага суриб бўлмайди
Жиззах шаҳрида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар бир кўрсаткич ортида инсон тақдири, ҳар бир камчилик замирида эса масъулнинг жавобгарлиги туради. Шу боис ички ишлар органлари фаолиятига фақат рақамлар эмас, балки эришилган натижанинг мазмуни ва самарадорлиги нуқтаи назаридан баҳо бериш бугунги куннинг устувор талаби бўлиб қолмоқда. Ана шу мезонлар асосида Жиззах вилояти ички ишлар органларида хизмат фаолияти танқидий-таҳлилий руҳда атрофлича сарҳисоб қилинди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров раҳбарлигида “Хавфсиз ва соғлом юрт” махсус профилактик тадбири доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан таҳлилий-танқидий муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ички ишлар органлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ИИБ масъуллари, соҳавий хизматлар бошлиқлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди. Муҳокама ҳар бир хизмат йўналиши фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни очиқ муҳокама этиш, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб олиш руҳида ташкил этилди.

Муҳокама марказида вилоятдаги криминоген вазият турди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, профилактик ишлар таъсирчанлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, тергов, пробация, профилактика, миграция, жамоат хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда “102” хизмати фаолияти юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Таҳлиллар давомида айрим хизмат йўналишларидаги сусткашликлар ва иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар кескин танқид қилинди. Камчиликларга муроса қилинмаслиги, ҳар бир раҳбар ўз ҳудуди ва хизмат йўналиши учун шахсан масъул экани алоҳида таъкидланди. Муаммоларни бартараф этишни орқага суриш ёки расмиятчилик билан чекланишга йўл қўйилмаслиги қайд этилди.

Масъулларга хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, профилактик тадбирлар натижадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлашни кучайтириш ҳамда ҳар бир мурожаатга қонуний ва ўз вақтида муносабат билдириш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Йиғилиш якунида “Хавфсиз ва соғлом юрт” махсус профилактик тадбири доирасида белгиланган вазифалар ижросини сўзда эмас, амалий натижалар билан таъминлаш, жамоат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш ва ҳар бир хизматнинг фаолиятини қатъий назорат асосида ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири