Мирободда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар қандай самара бермоқда?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Миробод туман кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Президентимизнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид қарорлари ижроси, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги атрофлича муҳокама қилинди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурҳонов, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, халқ депутатлари Миробод тумани кенгаши депутатлари, туман ҳокими, прокурори, ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси мутасаддилари ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг масъул вакиллари иштирок этди.
Ҳисобот даврида аҳоли билан манзилли ишлаш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, хавфсизлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.

Хусусан, 12 мингдан ортиқ ўқувчи ва талабалар иштирокида профилактик тадбирлар ўтказилди, 567 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 4 мингдан зиёд ёшлар иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилди, юзлаб низоли оилалар билан манзилли профилактик ишлар олиб борилди.
Шу билан бирга, маҳаллалар ва ижтимоий объектларда видеокузатув тизимлари кенгайтирилиб, 600 дан ортиқ объект ҳамда 900 дан зиёд хонадонлар техник қўриқловга олинди. "Менинг инспекторим" платформаси орқали 105 мингдан ортиқ фуқаролар қамраб олиниб, профилактика инспекторлари билан тезкор ва самарали мулоқот механизми йўлга қўйилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида умумий жиноятчилик 1,7 фоизга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар эса 9,2 фоизга камайган. Айниқса, аёллар, ёшлар, ишсизлар ҳамда муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг сезиларли қисқаришига эришилган.
Шу билан бирга, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш доирасида 187 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқлангани маълум қилинди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича амалга оширилган манзилли ишлар натижасида аввал хавфли тоифага киритилган маҳаллаларнинг аксариятида криминоген вазият яхшиланиб, уларнинг хавф даражаси пасайган.
Муҳокама якунида "йўл харитаси"да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш, профилактика ишларини натижадорлик асосида ташкил этиш, рақамли назорат механизмлари орқали ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва маҳалла институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш вазифалари белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА