Адвокатлар гуруҳи тингловчилари учун амалий машғулот ташкил этилди
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти адвокатлик фаолиятига қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун амалий машғулот ташкил этилди.
Маълумки, юртимизда адвокатура институтини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур соҳадаги жадал ислоҳотлар натижасида юртимизда адвокатура фуқаролар ва ташкилотларга малакали юридик ёрдам кўрсата оладиган, ижтимоий аҳамиятли — махсус ҳуқуқ лаёқатига эга институт сифатида ўз ўрнига эга бўлмоқда.
Машғулот давомида тингловчилар суд экспертизаси тизими фаолияти, экспертиза турлари, эксперт хулосаларини тайёрлаш жараёнлари ҳамда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича экспертизанинг амалий жиҳатлари билан яқиндан танишди.

Шунингдек, марказ мутахассислари томонидан суд экспертизасининг адвокатлик фаолиятидаги ўрни, далилларни баҳолашда эксперт хулосаларининг аҳамияти ҳамда амалиётда учрайдиган долзарб масалалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, бу каби амалий машғулотлар тингловчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда келгусидаги фаолиятида зарур бўладиган амалий тажрибани шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, "Адвокатлар" гуруҳи тингловчилари учун амалий машғулот ўтказилди.
Унда тингловчиларга "E-Advokat" электрон платформасининг имкониятлари, ундан самарали фойдаланиш тартиби ҳамда адвокатлик фаолиятини рақамлаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Амалий машғулот давомида платформа фаолиятида учраётган долзарб масалалар, амалиётда юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича қўлланилаётган ечимлар муҳокама қилинди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассис томонидан атрофлича жавоб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА