Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича мамлакат профилининг якуний лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан БМТ Аҳолишунослик жамғармаси — UNFPA ҳамда БМТнинг Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси — UN Women кўмагида ишлаб чиқилаётган “Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича мамлакат профили” (Country Gender Equality Profile — CGEP) ҳужжатининг якуний лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда масъул вазирлик ва идоралар, халқаро ҳамкор ташкилотлар ҳамда гендер тенглиги соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар иштирок этди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ҳужжатда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва ташаббусларни холис акс эттириш, статистик маълумотларни янгилаш, шунингдек, гендер тенглигини таъминлаш бўйича миллий саъй-ҳаракатларнинг натижадорлигини ҳар томонлама таҳлил қилишдан иборат бўлди.
“Гендер тенглиги бўйича мамлакат профили” миллий даражадаги кенг қамровли таҳлилий ҳужжат бўлиб, унда хотин-қизлар ва эркакларнинг жамият ҳаётидаги иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳамда турли соҳалардаги натижаларига оид миқдорий ва сифат маълумотлари умумлаштирилган. Профил мамлакатда эришилган ютуқларни баҳолаш билан бирга, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш талаб этиладиган йўналишларни ҳам белгилаб беради. Ҳужжат далилларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш, миллий ва ҳудудий даражадаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда идоралараро мувофиқлаштириш учун муҳим таҳлилий манба бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

Профилни тайёрлашда расмий статистик маълумотлар, илмий ва таҳлилий тадқиқотлар, миллий ҳамда халқаро ҳисоботлар билан бир қаторда, бирламчи маълумотлар, сўровлар, интервьюлар ва фокус-гуруҳ муҳокамалари натижаларидан фойдаланилган. Маълумотлар имконият даражасида жинс, ёш, яшаш ҳудуди, ижтимоий-иқтисодий ҳолат, ногиронлик ва бошқа мезонлар бўйича таҳлил қилинган.

Ҳужжат таҳлиллари Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида белгиланган устувор йўналишларга мувофиқ шакллантирилган.
Муҳокамалар давомида сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашда мустаҳкам сиёсий ирода шакллангани, қонунчилик ва институционал механизмлар тубдан такомиллаштирилгани алоҳида қайд этилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид конституциявий кафолатлар кенгайтирилди, оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди, гендер статистикаси инфратузилмаси ривожлантирилди.
Мамлакатимизда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, оналар саломатлигини муҳофазалаш, хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича салмоқли натижаларга эришилган. Хусусан, парламентда хотин-қизлар улуши 38 фоизга етгани, гендер статистикаси порталида 217 дан ортиқ кўрсаткич бўйича маълумотлар тақдим этилаётгани ҳамда Ўзбекистон очиқ гендер маълумотлари бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига киргани эътироф этилди.

Айни пайтда ҳужжатда ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб масалалар ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, қабул қилинган илғор қонунларнинг жойларда тўлиқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга йўналтирилган ҳимоя ва адолат механизмларини кучайтириш, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Шунингдек, касбий йўналишлардаги гендер тафовутларини қисқартириш, муносиб иш ўринларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, иш ҳақидаги фарқларни камайтириш, ҳақ тўланмайдиган уй ва парвариш меҳнати юкини енгиллаштириш ҳамда хотин-қизларнинг иқтисодий ва сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Ишчи учрашувда вазирлик ва идоралар томонидан ҳужжатнинг тегишли йўналишларини такомиллаштириш, соҳаларга оид энг сўнгги статистик маълумотларни киритиш, амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаларини янада тўлиқ акс эттириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳокама якунларига кўра, билдирилган таклифларни умумлаштириш, маълумотларни тегишли вазирлик ва идоралар билан қўшимча равишда мувофиқлаштириш ҳамда ҳужжатнинг якуний таҳририни такомиллаштириш белгиланди.

Мазкур профиль “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”нинг самарали амалга оширилишига, давлат дастурларини далилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқишга ва гендер тенглигини таъминлаш соҳасидаги идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гендер тенглигини таъминлаш муҳим ижтимоий масала. У мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши, инсон капиталини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, оилалар фаровонлигини ошириш ва жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир.
Н.Усмонова, ЎзА