Тўрақўрғонда тун-у кун хизмат кўрсатиш кўчаси барпо этилмоқда
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида аҳолига қулай шароит яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Шовон маҳалласи ҳудудида 24 соат фаолият юритадиган замонавий хизмат кўрсатиш кўчаси ташкил этилмоқда.
Лойиҳа доирасида Наманган ва Тўрақўрғон туманларини боғловчи автомобиль йўлининг Шовон маҳалласидан Гулқишлоқ маҳалласигача бўлган қисми босқичма-босқич ободонлаштирилмоқда.
Бу ерда автомобиль йўлига асфальт қопламаси ётқизиш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва замонавий тунги ёритиш тизимини ўрнатиш кўзда тутилган. Шунингдек, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиб, тадбиркорлик фаолияти учун янги имкониятлар яратилади.
Лойиҳа учун жами 13 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирга қадар йўлнинг икки томонида умумий узунлиги 6 километр бўлган лоток ариқлар қуриб битказилди. Навбатдаги босқичда пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш режалаштирилган.
Ҳудуддаги ободонлаштириш ишларида аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, хонадонлар фасадини тартибга келтириш, йўл бўйидаги эски деворларни янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-32429]
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуд қиёфасини яхшилаш, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА