Миллий терма жамоамиз Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича 2027 йил бошида Саудия Арабистонида ўтказиладиган Осиё кубогида иштирок этади. Термамиз мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида навбатдаги ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб, халқаро майдонда бир қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказмоқда.
Хусусан, жамоамиз дастлаб Эрон терма жамоасига қарши ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 1 октябрь куни Сурия терма жамоасига қарши баҳсда 4:1 ҳисобида зафар қучди.
Бугун, 6 октябрь куни Фабио Каннаваро қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланади. Ўйинда футболчиларимиз тўлиқ кўк, дарвозабонимиз эса яшил либосда майдонга тушади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Жанубий Корея миллий терма жамоалари шу кунга қадар 16 марта ўзаро баҳс олиб борган. Уларнинг 11 тасида Жанубий Корея ғалаба қозонган, 4 учрашувда дуранг қайд этилган. Вакилларимиз эса фақат бир марта — 1994 йилги Осиё ўйинларида 1:0 ҳисобида зафар қучган. Жамоалар ўртасидаги ўйинларда тўплар нисбати 14:34 ни ташкил этади. Терма жамоаларнинг сўнгги учрашуви 2018 йилги ўртоқлик баҳси бўлган. Унда кореяликлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА