Гандбол: Ўзбекистон аёллар жамоаси Жанубий Корея билан куч синашади
Бугун, 23 ноябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида гандбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида 21-Осиё чемпионати баҳслари бошланади.
Келгуси йили Венгрияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг 4 та йўлланмаси ўйналадиган мазкур қитъа чемпионатида Осиёнинг 10 та мамлакат терма жамоалари “А” ва “Б” гуруҳларида ўзаро рақобатлашади.
“А” гуруҳида Япония, Эрон, Хитой, Гонконг ва Таиланд жамоалари куч синашса, “Б” гуруҳида Жанубий Корея, Қозоғистон, Ҳиндистон, Австралия, ва Ўзбекистон жамоалари баҳс олиб боради.

Бугун Ўзбекистон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичидаги илк ўйинни Жанубий Кореяга қарши ўтказади.
Айтиш лозим, Жанубий Корея жамоаси 16 марта қитъа чемпионлигини қўлга киритган жамоа ҳисобланса, Япония терма жамоаси гандбол бўйича амалдаги қитъа чемпиони саналади.
Чемпионат тақвимига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги кейинги ўйинни 25 ноябрь куни Қозоғистон, 27 ноябрь Австралия ва 28 ноябрь куни Ҳиндистон жамоаларига қарши ўтказади.
21-Осиё чемпионати мусобақалари 3 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА