Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон бугун Ямайкага қарши майдонга тушади
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида бугун «Е», «F», «G» ва «H» гуруҳларида иккинчи тур учрашувлари ўтказилади.
Чемпионатнинг бугунги учрашувлари орасида ўзбек футбол мухлислари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган «Е» гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ва Ямайка ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги баҳс ҳам бор.
Сергей Чигодаев бошчилигидаги терма жамоамиз биринчи турда Кот-д’Ивуарга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Бугунги учрашувда футболчиларимиз дастлабки очколарини қўлга киритиш учун майдонга тушади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади. Ушбу гуруҳдаги иккинчи учрашувда соат 19:30 да Италия ва Кот-д’Ивуар ўсмирлар терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
Шунингдек, бугун «F» гуруҳида Тожикистон – Хорватия, Сенегал – Куба, «G» гуруҳида Вьетнам – Янги Зеландия, Мали – Бельгия, «H» гуруҳида эса Испания – Фижи ва Марокаш – Хитой терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар ўтказилади.
Жаҳон чемпионатининг кечаги дастуридан «А», «В», «С» ва «D» гуруҳларидаги иккинчи тур баҳслари ўрин олди.

Хусусан, «А» гуруҳида Греция ўсмирлар терма жамоаси Панама устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Миср эса мезбон Қатарни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Натижада Греция 6 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Миср ва Қатар 3 тадан очко билан иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, Панама очкосиз сўнгги поғонада қолди.
«В» гуруҳида Жанубий Корея терма жамоаси Янги Каледония дарвозасига жавобсиз 6 та гол урди. Эквадор ва Уганда терма жамоалари ўртасидаги учрашув эса 0:0 ҳисобида якунланди. Шу тариқа Жанубий Корея 6 очко билан гуруҳда биринчи ўринда бормоқда. Эквадор 4 очко билан иккинчи, Уганда 1 очко билан учинчи поғонадан жой олган. Янги Каледония эса икки мағлубиятдан сўнг очкосиз қолган.
«С» гуруҳида Австралия ва Дания терма жамоалари ўртасидаги баҳсда ғолиб аниқланмади — 0:0. Аргентина эса Мозамбикни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи турдан кейин Австралия 4 очко билан гуруҳ етакчиси бўлиб турибди. Мозамбик ва Аргентина 3 тадан очко жамғарган. Дания ҳисобида эса 1 очко мавжуд.

«D» гуруҳидан ўрин олган Уругвай ва Гаити терма жамоалари ўртасидаги учрашувни ҳамюртимиз Аскар Наҗафалиев бош ҳакам сифатида бошқарди. Унга қанотларда Бахтиёрхўжа Шавкатов ва Авазбек Абдуллаев ёрдамлашди. Баҳсда уругвайлик футболчилар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Саудия Арабистони эса Францияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ушбу натижалардан сўнг Уругвай 6 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Франция ва Саудия Арабистонида 3 тадан очко бор. Гаити эса ҳали очко жамғармаган.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионатининг иккинчи туридан кейин учта жамоа — Греция («А» гуруҳи), Жанубий Корея («В» гуруҳи) ва Уругвай («D» гуруҳи) 6 очкодан жамғарган ҳолда ўз гуруҳларида етакчилик қилмоқда ва ушбу терма жамоалар кейинги босқичга чиқишни муддатидан олдин кафолатлаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА