Жавоҳир Синдоров: жаҳон шахмат тожи учун курашдан завқ олишга интиламан
Кеча, 22 ноябрь куни Швецариянинг Женева шаҳридаги БМТ Миллатлар саройида 2026 йилги шахмат тожи ва унвони учун бошланадиган баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш ва даъвогар Жавоҳир Синдоров журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Матбуот анжумани доирасида, шунингдек, ФИДE шахмат тожи ва унвони учун ўтказиладиган мусобақага қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Қуръа натижасига кўра, ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши биринчи партияни оқ доналарда ўтказадиган бўлди.

Бевосита матбуот анжуманига тўхталадиган бўлсак, журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров Номзодлар турниридаги ғалабасидан кейинги олти ой вақт у ўйлаганидан кўра анча тез ўтганини таъкидлади.

-Жаҳон тожи учун курашиш имкониятига эга бўлганимда жуда хурсандман. Кўп шахматчилар бутун умр шахмат ўйнаб ҳам бундай муваффақиятга эга бўла олмайди. Менга бу даражага эришишим учун Ўзбекистонда зарур шарт-шароит яратиб берилганлигини, алоҳида эътибор қаратилганлигини, давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланганлигимни айтишим керак. Бундан чексиз миннатдорман. Мусобақадан имкон қадар завқ олишга ҳаракат қиламан, -деди Жавоҳир.
Гукеш эса ўз навбатида чемпионлик унвонини қайтадан қўлга киритиш учун келганлигини билдирди.
Журналистлар томонидан Гукешдан жаҳон чемпионлиги унвонини ҳимоя қилиш уни қўлга киритишдан қийинроқми, деб берилган саволга унинг жавоби қисқа ва қатъий бўлди:
-Бу ерга бирор нарсани ҳимоя қилиш учун келганим йўқ. Мен унвонни қайтадан қўлга киритиш учун келганман, -дея фикр билдирди.

Номзодлар турнири олдидан ўз имкониятини кичик фоиз ҳисобида юқорироқ баҳолаган Жавоҳирдан ҳозирги матч учун қандай нисбатни танлашини сўрашганида, Синдоров “менимча, 50:50 дейиш тўғри бўлади. Бу жуда қийин матч ва 14 та партия давомда ҳар нарса рўй бериши мумкин”лигини айтиб ўтди.
Рақиблар бир-бири ҳақидаги саволга Гукеш Синдоровнинг барқарор ва кучли ўйинини юқори баҳолади. Унинг фикрича, Жавоҳир ҳозир энг яхши формада ва унга қарши курашиш унинг учун ҳақиқий синов майдони бўлишига кўпчиликнинг эътиборини қаратди.
Синдоров ўз навбатида, Гукешнинг 2024 йилдаги натижаларини “фантастик” кўрсаткич, деб атади. Бу йил Tata Steel турнирида унга қарши ўйнаганида рақибининг нақадар кучли эканини ҳис қилганини айтди. Шунингдек, унинг охиригача кураша олишини алоҳида эътироф қилди.
Жавоҳир 2025 йилги Номзодлар турниридан кейин кўп мусобақаларда қатнашганини тажриба орттириш истаги билан изоҳлади. У фаолиятида бу даражадаги кучли турнирларда ҳали кўп ўйнамаганини ва ўз қароридан қониқиш ҳиссини тўйганлигини билдирди. Гукеш эса жамоаси билан бу йилги турнирлар сонини камайтиришга қарор қилган.
Синдоровга Женевадаги мусобақалар давомида кимлар ёрдам бериши хусусидаги саволга Жавоҳир матчга тайёргарликда Роман Видоняк, Муҳиддин Мадаминов ва Никита Витиугов ёрдам бераётганини маълум қилди. Жамоасининг қолган аъзоларини ўйинлардан кейин очиқлашини айтди.
Гукеш эса Гржегож Гажевски билан ишлаётганини тасдиқлади. У ҳам бошқа ёрдамчилари ҳақида кейинроқ гапиришини билдирди.
Болаликда шахмат билан машғул бўлиш учун нималардан воз кечгани ҳақидаги саволга Жавоҳир ўз истеъдодига доим ишонганини, аммо 2025 йилгача шахмат устида жиддий шуғулланмаганлигини билдириб, “ҳар қандай ўйинда доим ғалаба қозонишга интилганман. Шахмат устида жиддий ишлашни бошлаганимдан кейин унинг ҳар бир ҳолатига эътиборим янада кучайди”, дея фикр билдирди.

У сўнгги икки йилда кўп меҳнат қилганини айтиб, болаларга севган соҳасида тинимсиз ишлашини маслаҳат берди. Гукеш эса болалигида мактабга деярли бормаганини, аммо ўз ҳаётидан миннатдор эканлигини айтди.
Гукеш ҳар доим ва ҳамиша ўзига ўзи берадиган маслаҳатни иштирокчиларга айтди: “Кимлигингни унутма”. У бу сўзларни матч давомида ҳам эслаб юришини таъкидлади.
Синдоров бундай вазият хусусида тўхталиб, қийин пайтларда дўстлари ва оиласи биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўзишини, яқинларининг қўлловисиз юқори натижаларга эришиш қийинлигини, фаолияти давомида бу ҳамжиҳатлик унга катта руҳий қувват бўлганлигини билдирди.

Ҳар икки шахматчига чемпионлик курашида ғалаба қозонса, нима қилиши ҳақидаги саволга Жавоҳир чемпионликка эришса, нима қилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай ваъда бермаслигини айтиб, ҳозир бутун эътиборини 20 кунлик мусобақага қаратганлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 12 декабрга қадар давом этадиган Гукеш ва Синдоров ўртасидаги жаҳон чемпионатининг биринчи тур баҳси 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Тўлқин РЎЗИЕВ тайёрлади, ЎзА