Миллий суғурта бозори тарихида илк бор: Ўзбекистон Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси IFIGS Халқаро форуми раҳбарияти таркибига кирди
Сеул шаҳрида (Корея Республикаси) бўлиб ўтган Суғуртани кафолатлаш схемалари халқаро форумининг (IFIGS) Йиллик умумий йиғилиши иштирокчиларининг овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси Директор Мирзаев Ёрмат тимсолида ушбу глобал ташкилот раҳбарияти таркибига Раиснинг биринчи ўринбосари (First Vice-Chair) лавозимига расман сайланди. Ушбу халқаро лавозимдаги расмий ваколат муддати 2027 йилдан бошланади.
Миллий суғурта бозори тарихида илк бор Ўзбекистон вакили глобал даражада бундай юксак раҳбарлик лавозимини эгаллади. Ушбу муҳим тайинлов IFIGS форумининг 13-Халқаро конференцияси доирасида бўлиб ўтди. Мазкур йирик тадбир дунёнинг 31 та давлатидан 140 га яқин соҳавий ташкилотлар, халқаро молия институтлари ва суғурта бозорини тартибга солувчи давлат органларининг олий раҳбарларини бирлаштирди. Мазкур қарор миллий суғурта тўловларини кафолатлаш тизимининг глобал профессионал ҳамжамиятга муваффақиятли интеграциялашаётганини тасдиқлайди.

Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси Директори Ёрмат Мирзаев ушбу муҳим воқеани қуйидагича изоҳлади: «Жамғарманинг IFIGS олий раҳбарияти таркибига сайланиши — бу, энг аввало, Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида молия бозорини модернизация қилиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал тизимини мустаҳкамлаш борасида изчил амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижаларининг халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан берилган юксак баҳосидир. Ушбу янги мақом ташкилотимиз учун тўловларни кафолатлаш бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиш ва Жамғарма фаолиятига илғор хорижий тажрибаларни тезкор жорий этиш учун амалий имкониятларни очади. Мазкур халқаро майдондаги асосий вазифамиз — миллий тажрибамизни муносиб тақдим этиш ҳамда кафолатли ҳолатлар юзага келганда оддий фуқаролар ва жабрланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун жаҳоннинг энг яхши услуб ва воситаларини жалб қилишдан иборатдир».

Ўзбекистон вакилининг IFIGS раҳбариятига сайланиши — миллий суғурта тўловларини кафолатлаш тизимига бўлган халқаро ишончни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам, шунингдек, суғурта товонларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ва жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини энг яхши жаҳон амалиётлари ва юксак халқаро стандартларга мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлашга содиқликнинг тасдиғидир.

Маълумот учун: Ўзбекистон Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси 2025 йилдан буён IFIGS халқаро форумининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. 2013 йилда ташкил этилган IFIGS халқаро форуми дунёнинг етакчи ривожланган иқтисодларига эга давлатларининг (шу жумладан АҚШ, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Канада ва бошқалар) суғурта тўловларини кафолатлаш бўйича давлат ва мустақил ташкилотларини бирлаштирган ягона глобал ассоциация ҳисобланади.