Ўзбекистон-Туркия: иқтисодий ҳамкорлик янги босқичда
Халқлар ўртасидаги дўстлик йиллар давомида шаклланади, давлатлар ўртасидаги ишонч эса амалий ҳамкорлик ва муштарак манфаатлар орқали мустаҳкамланади. Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг бугунги иқтисодий алоқалари замирида ҳам асрлар давомида шаклланган тарихий яқинлик билан бир қаторда, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самаралари ҳам мужассам.
Бугун юртимиз халқаро иқтисодий муносабатларда тобора фаол иштирок этаётган, хорижий инвесторлар учун очиқ ва ишончли ҳамкор сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаётган ўлкага айланмоқда.
Айниқса, Туркия билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Туркиянинг саноат, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика ва хизматлар соҳасидаги тажрибаси диёримизнинг бой табиий ресурслари ва Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий мавқеи билан уйғунлашиб, ўзаро манфаатли шериклик учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ислоҳотлар самараси: савдо алоқалари янги суръат олмоқда
Таъкидлаш керакки, Туркия бугун Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторида мустаҳкам ўрин эгаллаган. Товар айирбошлаш ва импорт ҳажми бўйича тўртинчи, экспорт ҳажми бўйича эса бешинчи ўринда туриши икки давлат иқтисодий муносабатларининг кўлами ва аҳамиятини кўрсатади.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2017-2025 йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1,9 баробарга ошиб, 2025 йил якунида 3 миллиард АҚШ долларидан ошди. Шу йили мамлакатимиз ташқи савдо айланмасида Туркиянинг улуши 3,7 фоизни, экспортда 3,4 фоизни, импортда эса 4 фоизни ташкил этди.
Бу кўрсаткичлар шунчаки статистик рақамлар эмас. Уларнинг ортида янги бозорларга чиқиш имкониятига эга бўлаётган миллий ишлаб чиқарувчилар, кенгаяётган тадбиркорлик алоқалари, янги шартномалар ва мустаҳкамланаётган иқтисодий шериклик турибди.
Албатта, савдо айланмасининг ўсиши билан бирга унинг таркибини такомиллаштириш ҳам муҳим. Хусусан, Ўзбекистондан Туркияга тайёр саноат маҳсулотлари, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электротехника, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари экспортини кенгайтириш учун ҳали истиқболли имкониятлар мавжуд.
Икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсадининг белгиланиши ҳамкорликнинг келгуси йўналишларини аниқ белгилаб бермоқда. Бу мақсадга эришиш учун эса савдонинг ҳажми билан бир қаторда, экспортнинг сифати, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кооперацияни ҳам ошириш талаб этилади.
Инвестиция муҳити: ишончдан амалий ҳамкорликка
Республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳам айнан инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, хорижий сармоядорлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва амалий имкониятларни кенгайтиришдан иборат.
Бу борада Туркия ишбилармон доираларининг мамлакатимизга қизиқиши тобора ортиб бораётгани эътиборга молик. Икки давлат ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимнинг мавжудлиги сармоявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамламоқда.
Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокидаги 2137 та корхона фаолият юритмоқда. Бу хорижий инвестициялар иштирокидаги амалдаги корхоналар умумий сонининг 11,8 фоизини ташкил этади. Уларнинг 496 таси қўшма корхона, 1 641 таси эса 100 фоиз Туркия капиталига эга корхоналардир.
Яна бир муҳим рақам: 2017-2025 йилларда Туркиядан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳажми жами 9 миллиард долларга етди. Шундан 2,6 миллиард доллари 2025 йил ҳиссасига тўғри келди.
Тошкентдаги тарихий мулоқот: ислоҳотлар натижаси янги лойиҳаларда намоён бўлмоқда
2026 йил 19 ноябрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон-Туркия Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги нуфузли делегация иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан эришилган келишув асосида ташкил этилган ушбу янги механизм икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигига қўшимча суръат бағишлашга қаратилганини таъкидлади. Тошкентда ташкил этилган бизнес форумда 200 дан зиёд ишбилармоннинг иштирок этиши ҳам алоҳида эътиборга молик. Бу икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга бўлган қизиқиши юқорилигини кўрсатади.
Йиғилишда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари ва келгуси стратегик вазифалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиёти уч баробар ўсгани, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилгани қайд этилди.
Бу рақамларнинг ўзиёқ ўлкамиз иқтисодий тараққиётида юз берган ўзгаришлар кўламини англаш учун етарли. Бугун йирик халқаро компаниялар ва инвесторлар билан тенг шериклик асосидаги ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда.
Энди олдимизда янада улкан мақсадлар турибди. 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш, ушбу тармоқда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ва юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш режалаштирилган.
Албатта, бундай мақсадларга эришишда замонавий технологиялар, йирик инвестициялар ва халқаро саноат кооперацияси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, Туркия билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон табиий ресурсларга бой мамлакат. Бугунги иқтисодий тараққиёт фақат ресурсларни қазиб олиш билан эмас, балки уларни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга етказиб бериш билан белгиланади.
Кенгаш йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. 2030 йилга қадар юртимизда олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Бу кўрсаткичлар тоғ-кон саноатида нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки минерал ресурсларни қайта ишлашнинг янги босқичига ўтиш вазифасини ҳам англатади. Шу боис, турк компаниялари тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва металлургия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф этилди.
Энергетика соҳасидаги мақсадлар ҳам мамлакатимиздаги иқтисодий трансформациянинг муҳим йўналишларидан биридир. 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия қувватларини 25 гигаваттга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Бу борада Туркия компанияларининг қуёш ва шамол энергетикаси, энергетика инфратузилмаси ва энергия тежамкор технологиялар соҳасидаги тажрибасидан фойдаланиш катта аҳамиятга эга.
Яна бир истиқболли ташаббус – Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасидир. Унда 15 та йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, улар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.
Бу каби лойиҳалар мамлакатимизда юқори технологик саноатни шакллантириш, янги ишлаб чиқариш компетенцияларини ўзлаштириш ва минтақавий кооперацияни кучайтиришга хизмат қилади.
Бугун Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари янги мазмун ва янги иқтисодий имкониятлар билан бойиб бормоқда. Савдо айланмасининг ўсиши, Туркия капитали иштирокидаги корхоналар сонининг кўпайиши, миллиардлаб долларлик инвестицияларнинг жалб қилиниши ва Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг ташкил этилиши бу жараённинг амалий натижаларидир.
Энг муҳими, ушбу натижалар диёримизда амалга оширилаётган очиқлик, иқтисодий либераллашув, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқдир.
Агар илгари ҳамкорлик асосан савдо-сотиқ ва айрим инвестиция лойиҳалари билан чекланган бўлса, бугун икки мамлакат биргаликда юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноат занжирларини шакллантириш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
Бу эса ҳамкорликнинг мазмунан ўзгараётганини англатади. Энди мақсад фақат кўпроқ товар сотиш эмас, балки биргаликда ишлаб чиқариш, биргаликда инвестиция киритиш, технологияларни ўзлаштириш ва янги иқтисодий қиймат яратишдан иборат. Бинобарин, ўлкамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси ҳам ана шунда – Янги Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий муносабатлардаги ўрни мустаҳкамланмоқда, хорижий ҳамкорлар учун янги имкониятлар очилмоқда ва миллий тадбиркорлик салоҳияти тобора кенгаймоқда.
Жасурбек Отаниёзов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор