Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитойнинг халқаро инжиниринг соҳасида фаолият юритувчи йирик компаниялари - CAMCE президенти ва IPPR раиси Ли ХаиХин билан учрашди.
Мамлакатимизда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида ўтган 2025 йилда 1 миллиард 978 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда 3 миллиард 500 миллион доллар миқдордаги хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Шу йилнинг ўтган 8 ойи давомида белгиланган 2,6 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, белгиланган режа 121 фоизга бажарилди.


Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан хорижлик инвесторлар билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги-янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш борасида олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар мазкур йўналишда эришилаётган ижобий натижаларда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Хитойнинг халқаро инжиниринг соҳасида фаолият юритувчи йирик компаниялари - CAMCE президенти ва IPPR раиси Ли ХаиХин ва бошқа мутасаддилари билан учрашуви ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан яна бири бўлди.
Маълумот ўрнида: CAMCE компанияси халқаро қурилиш, энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга, IPPR компанияси эса архитектура, лойиҳалаш ва қурилишни бошқаришга ихтисослашган. Ҳар икки компания Хитойнинг SINOMACH корпорацияси таркибига киради. Уларнинг фаолияти саноат, энергетика, спорт, экология ва сув хўжалиги каби йўналишларни қамраб олади.
Учрашувда Андижон вилоятининг инвестициявий ва инфратузилмавий салоҳиятини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда тиббиёт соҳасини такомиллаштиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида CAMCE ва IPPR компаниялари билан ҳамкорликда Андижон вилоятида янги саноат парки ҳамда халқаро онкология кластерини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу ҳамкорлик вилоятда саноат тармоғини ривожлантириш, хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолига ихтисослаштирилган онкологик тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири