Миллий армия — Янги Ўзбекистон таянчи
Бугун Янги Ўзбекистонда ёшларни ватанпарварлик, миллий ғурур ва юрт тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланмоқда. Айниқса, “Миллий армиямиз — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” деган эзгу ғоя замирида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, тинчлик қадри ва ҳарбий касбга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Шароф Рашидов туманидаги 32-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Ватанпарварлик карвони” ана шундай юксак мақсадларга хизмат қилган амалий ва таъсирчан тадбир бўлди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган фестиваль Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда фахрийлар кенгаши ҳамкорлигида юқори савияда ўтказилди.
Тадбирнинг Давлат мадҳияси билан бошлангани иштирокчилар қалбида юртга фахр ва ифтихор туйғуларини янада юксалтирди. Айниқса, ёшларнинг мадҳияни биргаликда куйлагани уларнинг Ватанга муҳаббати ва фуқаролик масъулиятини яққол намоён этди.
Фестивалда сўзга чиққан фахрийлар ва мутасаддилар тинч ва осойишта ҳаёт ортида миллий армиямиз ва юрт ҳимоячиларининг фидокорона хизмати турганини алоҳида таъкидладилар. Бугунги таҳликали ва мураккаб дунё шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси нафақат тарбиявий, балки стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Тадбир доирасида ҳарбий оркестр чиқишлари, фахрий қоровул саф намойишлари, хизмат итлари иштирокидаги махсус дастурлар ҳамда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмалари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, ҳарбийларнинг интизоми, жисмоний тайёргарлиги ва жанговар шайлиги ўқувчилар учун ҳақиқий жасорат мактаби бўлди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан намойиш этилган қутқарув воситалари ва амалий кўрсатмалар ҳам ёшларнинг билим ва тасаввурини бойитди. Бу эса армия ва махсус хизмат тизимларининг халқ хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
[gallery-29566]
Қарийб 600 нафар ёшлар, нуронийлар ва маҳалла фаолларини бирлаштирган мазкур тадбирнинг энг муҳим жиҳати — Ватан равнақи ва тинчлиги ғояси атрофида жамиятнинг барча қатламлари бир мақсад йўлида жипслаша олганида намоён бўлди.
Бугун миллий армияга ҳурмат — Ватанга ҳурмат демакдир. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва мамлакатимиз тараққиёти миллий армиямиз қудрати, ёшларнинг ватанпарварлик руҳида тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. “Ватанпарварлик карвони” каби тадбирлар эса ана шу улуғ мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари