“Erasmus+” дастурлари доирасидаги қўшма ташаббусларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди
Италияда “Erasmus+ “SPHERE – Sustainable Transportation within the Framework of Green Deal” халқаро лойиҳаси доирасида навбатдаги ишчи йиғилишлари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишлар давомида “яшил иқтисодиёт” тамойиллари асосида транспорт соҳаси учун замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим дастурларини модернизация қилиш, академик мобилликни кенгайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, лойиҳанинг амалга оширилган ишлари таҳлил қилиниб, келгуси босқичлардаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, барқарор транспорт соҳасида бакалавр ва магистратура таълим дастурларини жорий этиш, қўшма дастурларни аккредитациядан ўтказиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда таълим сифатини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва “Erasmus+” дастурлари доирасидаги қўшма ташаббусларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА